Британия қироли Чарльз III жинсий зўравонлик жанжалидан кейин укаси шаҳзода Эндрюни Букингем саройидан ҳайдаб юборди, деб ёзмоқда The Sun.
62 ёшли шаҳзода Эндрюга Лондондаги қироллик қароргоҳи офисида ишлаш тақиқланди, дея хабар берди нашр манбаси. Монархнинг укасига хизмат қилувчи ходимлар ишдан бўшатилади.
«Унинг саройда бўлиши расман тугатилди. Қирол буни аниқ қилиб айтди. Шаҳзода Эндрю энди қироллик оиласининг амалдаги аъзоси эмас. Энди у ёлғиз», — деди The Sun нашрига манба.
Шунингдек, нашр ёзишича, Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги шаҳзода Эндрюни кеча-ю кундуз қўриқлаш хизматидан маҳрум қилган, бу эса ғазнага йилига уч миллион фунт стерлингга тушарди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида америкалик Виржиния Робертс Жуффре Нью-Йорк судига қиролича Елизавета II нинг ўғли шаҳзода Эндрюни қиз 17 ёшида пайти унга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда айблаб, шаҳзодага қарши кўп миллион долларлик даъво қўзғатганди.
Эндрюнинг ўзи бу айбловларни рад этади. Бироқ у қироллик оиласи аъзоси сифатидаги расмий вазифаларини бажаришдан воз кечишга қарор қилганди. Кейинчалик Елизавета II шаҳзода Эндрюни унвонидан, ҳарбий унвонидан ва қироллик ҳомийлигидан маҳрум қилди.
Аввалроқ шаҳзода Эндрю Виржиния Жуффрега товон пули тўлаб берган.
Изоҳ (0)