Россиянинг «Вкусно — и точка» ресторанлар тармоғи ўз брендини Ўзбекистон, МДҲ мамлакатлари, шунингдек, McDonald’s мавжуд бўлмаган бошқа хорижий мамлакатлар бозорига чиқариш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Агар вариантлар орасида МДҲ давлатлари ҳақида гап бораётган бўлса, булар Арманистон, Ўзбекистон, Қирғизистондир, — деди ресторанлар тармоғи бош директори Олег Пароев.
Унинг қўшимча қилишича, «Вкусно — и точка» McDonald’s мавжуд бўлмаган хорижий мамлакатларда ҳам ўз филиалларини очиши мумкин.
МаcДональд’с мавжуд бўлмаган мамлакатларга келсак, ҳозир аниқ қайсидир давлатларни кўриб чиқяпмиз, деб айтолмайман. Лекин шундай йирик давлатлардан бири Эрон, — деди Пароев.
Тармоқ эгаси Александр Говорга кўра, янги бозорларга чиқиш франчайзинг савдоси орқали амалга оширилади.
Пароевнинг қўшимча қилишича, тармоқ учун янги бозорларга киришдан олдин, 2023 йил давомида амалга оширадиган таъминот, логистика узлуксизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Тармоқ бош директорининг тушунтиришича, McDonald’s корпорацияси билан келишувга кўра, «Вкусно — и точка» McDonald’s жойлашган бозорларда ишлай олмайди.
McDonald’sнинг 2021 йилдаги ҳисоботига кўра, корпорация бренди дунёнинг 119 мамлакатида мавжуд.
Аввалроқ Россияда McDonald’s ўрнини эгаллаган ресторанлар тармоғи — «Вкусно — и точка» иш бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)