Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Бугунги кунда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, барча соҳаларда гендер тенглигига эришиш, меҳнат бозорида камситишларга барҳам бериш ва иш ҳақи тенглигини таъминлаш бутун дунёда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Пандемия аёллар бандлигига жуда салбий таъсир кўрсатди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, 2019—2020 йилларда аёллар бандлиги 4,2 фоизга камайган ва жами 54 миллионта иш ўрни бой берилган.

Бу 2020 йилда ишлайдиган аёллар сони 2019 йилдагига нисбатан 13 миллион нафарга камайганлигини англатади.

ХМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат бозорида иштирок этиш даражаси 60 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич эркаклар ўртасида 71,9 фоизни, аёллар орасида эса 46,6 фоизни ташкил қилган.

Умуман олганда, аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларнинг иқтисодий фаоллигидан 1,5 фоиз кам.

Гендер тенглигини таъминлаш бугун Ўзбекистонда устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу борада қабул қилинган қарорлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, давлат бошқаруви ва умуман жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг ролини оширишни кўзда тутади.

2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун, ХМТнинг «Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенциянинг ратификация қилиниши бунга мисол бўла олади.

Олий ўқув юртларида аёллар учун квоталар оширилди, магистратура босқичи аёллар учун бепул бўлди, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда турли имтиёзлар берилмоқда ва ҳоказо.

Лекин шунга қарамай бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст. 2021 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич аёллар орасида 41,3 фоизни, эркаклар орасида эса 56,9 фоизни ташкил этди.

 

Ўзбекистон аёлларининг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллиги 30 ёшдан бошланади. Сабаби, ўртача 22,3 ёшида турмуш қуради ва ундан кейин камида 2 йилни туғруқ таътилида ўтказади. Ундан сўнг меҳнат бозорига қайтади, лекин қисқа вақтдан кейин уларнинг такрорий туғруқ таътилига чиқиш эҳтимоли юқори.

Шундай қилиб, деярли 30 ёшида аёллар мартабага эришиш билан шуғуллана бошлайди.

Аёлларнинг тез-тез декрет таътили ва фарзандлари саломатлиги туфайли касаллик таътилига чиқиши иш берувчилар орасида аёлларнинг потенциал ходим сифатида жозибадорлигини пасайтиради.

Эркакларнинг потенциал ходим сифатидаги афзалликлари шундаки, улар туғруқ таътилига чиқмайди (қонуний ҳуқуқи бўлса ҳам), ишда ушланиб қолишга тайёр, иш бўйича сафарларга боришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқ.

Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашдаги жиддий тафовутнинг асосий сабабларидан бири — бу касб сегрегациясидир. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 39 фоиз кам маош олади.

Жаҳон банки экспертларининг фикрича, бу, жамиятда ҳукм сураётган қарашлар ва Ўзбекистонда касбларнинг эркаклар ва аёллар учун мўлжалланган касбларга ажратилиши билан боғлиқ.

 

Ўзбекистон хотин-қизларининг иқтисодий фаоллиги пастлиги, аввало уларнинг уй-рўзғор ишлари ва бола парвариши билан тўлиқ банд эканлиги билан боғлиқ. Ўзбекистон аёллари вақтининг 22 фоизини уй юмушлари ва бола парваришига сарфлайди.

Бу иш ҳақи тўланмайдиган меҳнат ҳисобланади, эркаклар эса вақтининг 9 фоизини уй юмушларига сарфлайди. Уй ишлари билан боғлиқ катта масъулият ўзбек аёлларининг мансаб пиллапояларидан юқори кўтарилишига тўсқинлик қилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги анъаналарга кўра, уй ишлари ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш аёлнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

 

ХМТ тадқиқотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизи оилада эркакнинг рўзғор тебратиши, аёлнинг эса уй юмушлари ва болалар билан шуғулланишини афзал кўради.

Мамлакат аҳолисининг 93 фоизи турмуш ўртоғи ишламаса ҳам, кўпчилик уй юмушларини аёл бажариши керак, деб ҳисоблайди.

Бундай қарашларнинг барчаси жамиятда ҳам, меҳнат бозорида ҳам гендер тенгсизлиги мавжудлигидан далолат беради.

Аёллар фаолиятининг асосий йўналишлари

Ўзбекистонда аёллар кўпроқ барқарор иш ўринлари ва қулай шароитларни таклиф қиладиган давлат секторида ишлайди. Аёллар бандлигининг тармоқ тузилмаси шу билан характерланадики, улар асосан иш ҳақи паст ва иш вақти қисқароқ соҳаларда ишлайди.

Булар таълим, соғлиқни сақлаш каби тармоқлар ва умуман, ижтимоий соҳа. Эркаклар ва аёлларнинг иш ҳақи ўртасидаги тафовут сабаби ҳам айнан мана шу билан боғлиқ.

 

Ўзбекистонда сўнгги 5 йил давомида аёллар бандлик борасидаги режаларини ўзгартирмаган. Ўзбек аёллари асосан ижтимоий соҳа тармоқларида фаолият юритади ва айнан мана шу соҳаларда энг паст иш ҳақи кузатилади.

Юқори маош тўланадиган соҳаларда асосан эркаклар (IT-соҳаси ва молия сектори) ишлайди.

Эътиборлиси, таҳлил этилаётган даврда IT-соҳасида банд бўлган аёллар улуши 3 фоизга ошган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва ишлаб чиқариш каби оғир жисмоний меҳнат талаб этувчи соҳаларда хотин-қизлар салмоғининг камайиши кузатилмоқда.

2016—2021 йилларда Иқтисодиётда банд бўлган аёлларнинг тармоқлар бўйича тақсимланиши (фоизда):

Фото: ПМТИ

Фото: ПМТИ

Олий маълумотга эга бўлиш юқори маош тўланадиган ишларда меҳнат қилиш имконини беради. 2020 йилда мамлакатнинг 25 ва ундан катта ёшдаги аҳолиси орасида олий маълумотли аёллар улуши 13,2 фоизни, эркаклар улуши эса 20 фоизни ташкил этди. Бинобарин, юқори маошли ишларга кўпроқ эркаклар жалб қилинади.

Аёллар орасидаги ишсизлик

2021 йилда аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси 13,3 фоизни (таққослаш учун — дунё бўйича 6,1 фоиз) ташкил этди. Бу эркаклар ўртасидаги ишсизлик даражасидан икки баравар юқори.

Ишсиз аёлларнинг асосий қисмини ўрта махсус (65,8 фоиз) ва ўрта (28,5 фоиз) маълумотга эга, шунингдек, қисман олий маълумотли хотин-қизлар (3,4 фоиз) ташкил этади. Ишсиз аёлларнинг 44 фоиздан ортиғи 15-30 ёш оралиғида.

 

Хотин-қизлар ўртасида ишсизликнинг энг юқори кўрсаткичи Қашқадарё (15,5 фоиз), Сурхондарё (15 фоиз) ва Сирдарё (4,7 фоиз) вилоятларида кузатилмоқда. Кўп аёллар бола парвариши ва уй ишлари билан боғлиқ ҳолда уйда ўтиришга қарор қилади.

Бу эса касбий маҳоратнинг йўқолишига олиб келади. 2021 йилда мактабгача таълим билан қамраб олинган 3-6 ёшли болалар улуши 62 фоизни ташкил этган бўлса, 1-6 ёшли болалар орасида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмаган, яъни, болаларнинг тахминан 40-70 фоизи уйда оналари томонидан тарбияланади.

ПМТИ мутахассислари ўзбекистонлик аёлларнинг мартабаси ошиши йўлидаги асосий муаммоларни аниқлаш мақсадида ишлайдиган аёллар ўртасида сўров ўтказди. Сўровда турли фаолият соҳаларида ишлайдиган 300 нафар аёл (Н=300) иштирок этди.

Сўров жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилди. Респондентларнинг ёши 16 ёшдан 65 ёшгача, ўртача ёши 36 ёш.

Сўровда олий маълумотли (68 фоиз), илмий даражага эга (13,6 фоиз), ўрта махсус (20,6 фоиз) ва умумий маълумотли (7 фоиз) аёллар иштирок этди.

Респондентлардан 65,8 фоизининг 2 ва ундан ортиқ фарзанди бор, 25 фоизи турмуш қурмаган ёки ажрашган.

Сўров натижалари қуйидагича бўлди:

респондентларнинг деярли 88 фоизи аёллар ишлаши керак, 68,4 фоизи эркакларга нисбатан аёлларнинг мартабага эришиши анча қийин, деб ҳисоблайди.

Улардан 52,2 фоизи турмуш ўртоғи ишлаш учун рухсат берганини билдирган, 38,6 фоизи мартабага эришишига турмуш ўртоғи рухсат бермаслигини, 34,9 фоизи жамият аёлларни фақат уй бекаси сифатида қабул қилишини, 27,9 фоизи уй юмушларига аёллар масъуллиги тўсиқ бўлаётганини айтган бўлса, 17,3 фоизи тўсиқлар йўқлигини таъкидлади.

 

Аёллар кунига ўртача 4 соат вақтини уй юмушларига сарфласа, эркаклар бир соатдан кам сарфлаши маълум бўлди (сўровда иштирок этган аёлларнинг фикрига кўра).

Респондентлар ишлаётган компанияларда раҳбар аёлларнинг ўртача ёши 38,6 га тенг. Компанияларнинг 3,5 фоизида (асосан юридик муассасаларида) раҳбарлик лавозимларида аёлларнинг йўқлиги аниқланди.

Аёлларнинг 46,5 фоизи бошқарув қобилияти, 40 фоизи фақат машаққатли меҳнат, 15,2 фоизи яхши алоқалар уларга раҳбарлик лавозимларини эгаллашда ёрдам беради, деб ҳисоблашини билдирди.

Аёлларнинг қарийб 40 фоизи юқори лавозимларга, хусусан, иқтисодчи, ҳуқуқшунос, молиячи ва бухгалтер каби соҳаларда раҳбарлик лавозимларига тайинлашда эркакларга афзаллик берилади, деб ҳисоблайди.

Сўровнома қатнашчиларининг деярли 55 фоизи раҳбарлик лавозимларига тайинланаётганда жинс муҳим эмас ёки қисман муҳим, деб ҳисоблайди.

Фарзанди йўқ ёки битта фарзанди бор аёлларнинг 26,2 фоизи фарзанд кўриш лавозим ошишига тўсқинлик қилмайди, деб ҳисоблайди. Бироқ сўровда қатнашганларнинг 58,5 фоизи фарзанд кўриш қарори уларнинг мансаб борасидаги муваффақиятини вақтинча чеклайди, деб ҳисоблашини маълум қилди.

 

Аёлларнинг 62,4 фоизи фарзандларини мактаб ва мактабгача таълим муассасасидан ўзлари олиб кетишини билдирди, бу эса ишдан эрта кетишга сабаб бўлади ва қисман мартабага эришиш йўлидаги тўсиқлардан бири ҳисобланади.

Турмуш қурган аёлларнинг 26,3 фоизи турмуш ўртоғи уларга ишда ушланиб қолишига рухсат беришини, 25,9 фоизи эса ишдан кеч қайтишига салбий муносабатда бўлишини маълум қилди.

Аёлларнинг 44 фоизи турмуш ўртоғи уларга хизмат сафарига чиқишни тақиқлашини, 38 фоизи эса хизмат сафарига ҳеч қандай муаммосиз жўнатишини қайд этган.

Сўровда қатнашган аёлларнинг 45,7 фоизи юқори лавозимларни эгаллашни режалаштираётганини билдирган. Уларнинг ўртача ёши 36 ёш ва 90 фоизи олий маълумотли ёки илмий даражага эга. Шу билан бирга, аёлларнинг 28 фоизи раҳбарлик лавозимларини эгаллашни хоҳлашини маълум қилган.

 

Аёлларнинг 71,3 фоизи ишлаб топган пулини умумий оилавий эҳтиёжларга сарфлашини қайд этган.

Шундай қилиб, сўров қуйидаги хулосаларга олиб келди:

  1. Респондентларнинг 88 фоизи аёллар ишлаши керак, деб ҳисоблайди.
  2. Аёллар учун мартабага эришиш эркакларга нисбатан анча қийин, деб ҳисобланади.
  3. Хотин-қизлар учун мартабага эришишда жамиятда аёлнинг уй бекаси бўлиши кераклиги ва турмуш ўртоғининг ишлашни тақиқлаши асосий тўсиқлардан биридир.
  4. Аёллар ҳар куни камида 4 соат вақтини уй юмушларига, яъни ҳақ тўланмайдиган ишларга сарфлайди. Эркаклар эса кунига атиги бир соат вақт сарфлайди (сўровда иштирок этган аёлларнинг фикрига кўра);
  5. Аёл раҳбарларнинг ўртача ёши 38 ёш.
  6. Сўровда иштирок этган аёлларнинг фикрига кўра, раҳбарлик лавозимларига тайинлашда эркакларга кўпроқ афзаллик берилади.

Шунингдек, ПМТИ мутахассислари жорий йилнинг апрель ойида Фарғона вилоятида ўтказилган сўровлар асосида эконометрик модель ёрдамида аёлларнинг меҳнат бозорида (ишлаш ва ишламаслигига) иштирок этиш эҳтимолини баҳолади.

Маълумотлар базаси фақат 16-65 ёш оралиғидаги аёллар бўйича маълумотларни ўз ичига олди. Ушбу ҳисоб-китоблар учун пробит статистик модель қўлланилди. Модель тенгламаси қуйидагича кўринишга эга:

П (бандлик = 1| х) = б0 + б1 аёллар + б х’

Фото: ПМТИ

Фото: ПМТИ

Эконометрик таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, аёлларнинг ишлаш ёки ишламаслик эҳтимолига, биринчи навбатда, уларнинг оилавий ҳолати таъсир қилади. Бундан ташқари, оиланинг фаровонлиги, таълим даражаси, қисман аёлнинг ёши ҳам унинг иқтисодий фаоллигига таъсир қилади.

Шаҳарда ёки қишлоқда яшаши, саломатлиги, фарзандларнинг борлиги (маълумотлар базасида болалари аллақачон 16 ёшга тўлган аёллар кўп) каби омиллар статистик жиҳатдан аҳамиятсиз бўлиб чиқди.

Ўтказилган таҳлиллардан хулоса қилиш мумкинки, сўнгги 5 йил ичида аёлларнинг мартабага эришиши, меҳнат бозоридаги иштироки йўлидаги кўплаб тўсиқлар сезиларли даражада камайган.

Бу жараёнда ҳукуматнинг жамият ва иқтисодиётда гендер тенглигига эришиш бўйича қабул қилинган қарорлари асосий омил бўлмоқда. Бироқ ўзбек аёллари учун мартабага эришиш эркакларга нисбатан анча қийин.

 

Сўров натижалари (аёлларнинг 70 фоизи) эркаклар орасида «аёл фақат уй ишлари ва болалар билан шуғулланиши керак», деган фикр мавжудлигини тасдиқлади.

Бу факт эконометрик модель натижалари билан тасдиқланди, хусусан, аёлнинг ишлаш ёки ишламаслик эҳтимолига, биринчи навбатда, уларнинг оилавий ҳолати таъсир қилиши маълум бўлди.

ПМТИ мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ўзбек аёли аслида кунига 12 соат ишлайди, 7-8 соат ишхонада ва ундан кейин ўртача 4 соат уй ишлари билан банд.

Мақолани тайёрлашда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти маълумотларидан фойдаланилди

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Охирги 100 йил ичида содир бўлган дунёдаги энг кучли 10 та зилзила (видео+фото)
Дунё
Польша бош вазири Украинадаги уруш учинчи жаҳон урушига айланишини прогноз қилди
Маҳаллий
Ўзбекистонда доллар курси яна ошди