Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) электр компанияси Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш тикланганини маълум қилди. Маълумот компаниянинг Twitter саҳифасида эълон қилинди.
Электр энергияси импорти натижасида 18 вилоятда, жумладан Кобулда аҳолини электр билан таъминлаш нормал ҳолатга келган. Таъминот занжиридаги носозлик 24 ноябрь, маҳаллий вақт билан соат 12:00 да бартараф этилган. Бундан аввалроқ Афғонистоннинг DABS электр компанияси бош операцион директори Сафиуллоҳ Аҳмадзай сўнгги кунларда Ўзбекистон экспорт қиладиган электр қуввати ҳажми икки бараварга 430 мегаваттдан 200 мегаваттгача камайганини таъкидлаганди.
«Ўзбекистон бунинг сабабини мамлакат электр энергияси ишлаб чиқариш қурилмаларидаги техник носозлик билан изоҳлади. Ўзбекистон бу муаммони уч кун ичида ҳал қиламиз, деб ваъда қилган бўлса-да, бу ҳолат ҳамон сақланиб қолмоқда», — деган эди Аҳмадзай.
13 ноябрда эса Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш вақтинчалик узилганди. Электрга бўлган талабни камайтириш учун Туркманистон электр энергияси Кобулга етказиб берувчи электр занжирига уланганди.
Изоҳ (0)