Польша мудофаа вазири Мариуш Блашк Германиядан Варшавага ваъда қилинган Патриот ҳаво мудофаа тизимларини Украинага топширишни сўради. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.
Вазир тизимларни Украинанинг ғарбий чегарасига жойлаштириш мумкинлигини айтди. Блашакнинг фикрича, бу мамлакатни Россия зарбалари оқибатида яна электр энергиясиз қолишидан ҳимоя қилади ва Польша шарқий чегарасида ҳам хавфсизликни кучайтиради.
15 ноябрь куни Польшанинг Украина билан чегара ҳудудига ракета қулаганидан кейин Германия Варшавага мамлакат мудофаасини Патриот ҳаво мудофаа тизимларининг қўшимча қурилмалари билан мустаҳкамлашни таклиф қилган. Воқеа содир бўлган куни Украина Россия томондан кенг кўламли ракета ҳужумига учраганди. Бунинг оқибатида мамлакат энергетика тизими уруш бошланганидан бери энг катта зарбага учради.
Дастлаб ракеталар Россияга тегишли деб тахмин қилинди. Кейинчалик АП Америка разведкаси маълумотларига таяниб, ракеталар Россия ракеталарини уриб тушириш учун Украина Қуролли кучлари томонидан отилгани ҳақида ёзди.
НАТО бош котиби ҳам ракеталарнинг Украинага тегишли экани эҳтимоли юқорилигини билдирди. Аммо бунда Киев айбдор эмаслиги, Россия жавобгар эканини айтди. Польша президенти ҳам шундай фикрларни илгари сурди. Германия ва Британия эса Польшага ракета тушишига «Путин уруши» сабабчилигини таъкидлади.
Изоҳ (0)