Украинадаги низони ҳал қилиш учун тинч йўлни биргаликда қидириб топиш вақти келди, деди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Коллектив хавфсизлик кенгаши мажлисида. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбари сайтида айтилади.
«Украинага келсак, тинчлик формуласини биргаликда коллектив тарзда қидириш вақти келди, деб ўйлайман…Қардош рус ва украин халқлари ўзаро хафагарчиликлар билан ўнлаб-юзлаб йилга юзкўрмас бўлиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак», — деди Тўқаев.
У томонлар «ҳеч бўлмаса, ярашувга эришиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланиши» кераклигини қайд этди ва март ойида Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар низонинг дипломатик ҳал қилинишига умид берганини, бироқ «битим турли сабаблар билан бузилгани»ни эслатди.
Истанбулдаги учрашув низони тинч йўл билан тартибга солиш йўлларини қидириш доирасида томонлар ўртасидаги сўнгги мулоқотлардан бири бўлганди. Шундан кейин музокаралар тўхтаб қолди. Иккала томон вакиллари ҳам музокараларга очиқлигини билдириб, бир-бирини мулоқот қилишни истамасликда айблади.
Тўқаев Украинадаги низони дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини аввал ҳам айтган, хусусан, июлда мамлакат президенти Владимир Зеленский билан суҳбат чоғида буни таъкидлаганди. Ўшанда Украина етакчиси ҳамкасбига «Украина ҳудудий яхлитлигини принципиал равишда қўллаб-қувватлаётгани» ҳамда ЛХР ва ДХР мустақиллигини тан олмагани учун миннатдорлик билдирганди.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Россиянинг 2014 йилда Украинага қилган тажовузини жамоатчилик олдида инкор этгани» учун Украинанинг «Тинчликпарвар» веб-сайти маълумотлар базасига киритилганди. Веб-сайтда Тўқаевнинг Deutsche Welle билан 2019 йилдаги интервьюсидан иқтибос келтирган. Унда давлат раҳбари Қозоғистон «Қримда содир бўлган воқеаларни аннексия деб атамаслигини» айтган. Шунингдек, у «Россия раҳбариятининг доно ва виждонли эканига ишонишини» таъкидлаган.
Изоҳ (0)