Ўзбекистонда 2022 йилнинг 21 ноябридан бошлаб 20 кун давомида 2022 йил 1 январдан (1 январь ҳам киради) хато чоп этилган онлайн назорат касса техникаси онлайн-НКТ чекларини таҳрирлашга имконият берилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар бермоқда.
Бунинг учун солиқ тўловчининг «my.soliq.uz» сайтидаги шахсий кабинетида «ЮШ онлайн-НКМ ва виртуал касса маълумотлари» саҳифасидан «Таҳрирлаш» бўлимига кирилади.
Қидирув тизимига чекнинг фискал модуль ID ва рақамини киритиб тузатиладиган чек топилади. Очилган ойнада чек маълумотлари таҳрирланади.
Хусусан, чек маълумотларини таҳрирлашда қуйидагиларни ўзгартириш мумкин:
- Маҳсулотлар ва хизматлар идентификация коди (МХИК);
- миқдори;
- ўлчов бирлиги;
- чек суммаси;
- комитент СТИРи;
- тўлов тури (нақд пул ёки банк карта).
Барча ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, фақат битта файл — тадбиркорлик субъектининг ҳолат юзасидан батафсил тушунтириши баён этилган расмий хати (муҳрланган фирма бланкида) илова қилиниши лозим.
Тузатиш киритиш учун юборилган чеклар ҳудудий давлат солиқ бошқармасида тузилган ишчи гуруҳи билан келишилган ҳолда ўрганилади.
Кўриб чиқиш натижаси ижобий деб баҳоланса, чек ҳолати «қабул қилинган»га ўзгаради. Рад этилган тақдирда солиқ органининг изоҳига кўра, тузатишлар киритилиб қайта юборилиши лозим.
Якунда, «Ҳисоблаш» ва «Жўнатиш» тугмаси босилади.
Маълумот учун истеъмолчиларга харид суммасидан 1 фоиз қайтарилган (кэшбэк) чеклар таҳрирланмайди.
Изоҳ (0)