Сенатнинг 18 ноябрь куни бўлиб ўтган ўттиз бешинчи ялпи мажлисида «Измир шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Сенаторлар ушбу шартнома 1996 йил 14 сентябрда 10 та мамлакат – Афғонистон, Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Эрон ва Ўзбекистон томонидан имзоланганини ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) таъсис ҳужжати эканини таъкидлади.
Шартнома Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ташкилий тузилмасини, унинг мақсад ва фаолият тамойилларини, шунингдек, молиявий масалаларни ҳамда ташкилотда қарорлар қабул қилиш тартибини белгилайди. Муҳокама чоғида сенаторлар Ўзбекистон томонидан Измир шартномасининг ратификация қилиниши Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун ҳуқуқий асос яратишини, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар билан кенг ҳамкорлик қилиш имконини беришини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг ташкилотда тўлиқ иштирок этиши хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш, шу жумладан, транзит ташиш тарифларини бирхиллаштириш орқали кенгайтириш, мамлакат минтақаларининг туристлар жалб этувчанлигини ошириш имконини беради. Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар қонунни маъқуллади.
Изоҳ (0)