Ангрен шаҳри ҳокими Алишер Раимовга тегишли, деб айтилаётган аудиоёзув тарқалди. Унда ҳокимнинг бўралаб сўкаётгани ва бир тадбиркорни «қамоққа тиқиб қўйгани» айтилган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги «Effect.uz» томонидан эълон қилинган аудиодаги овоз эгаси ҳақиқатан ҳам Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Раимов эканлигини тасдиқлади. Ҳолат бўйича вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссиясининг йиғилиши чақирилган.
Қайд этилишича, комиссия Ангрен шаҳри ҳокимининг хатти-ҳаракатларини Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори меъёрлари бўйича кўриб чиқади.
«Комиссия хулосаси асосида вилоят ҳокими тегишли қарор қабул қилади. Комиссия хулосаси ва вилоят ҳокимининг қарори расмий веб сайтимизда эълон қилинади», — дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
Маълумот учун, Алишер Раимов Ангрен шаҳрига 2022 йилнинг майидан буён раҳбарлик қилиб келмоқда.
Изоҳ (0)