Россия президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг рафиқасини «Қаҳрамон она» унвони билан тақдирлади. Россия ҳуқуқий ахборот порталида тегишли ҳужжат эълон қилинди.
«Оила институтини мустаҳкамлаш ва болалар тарбиясидаги улкан хизматлари учун Қодирова Медни Мусаевнага ‘Қаҳрамон она’ унвони берилсин», дейилади ҳужжатда.
15 август куни Владимир Путин Россияда 10 ва ундан ортиқ болани дунёга келтириб, вояга етказган аёлларга «Қаҳрамон она» унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Ҳужжатда ушбу мукофот эгаларига бир миллион рубль миқдорида бир марталик рағбатлантириш тўланиши кўрсатилган. Рамзан Қодиров ва рафиқасининг 14 нафар фарзанди бор.
Путин октябрь ойида Рамзан Қодировнинг онаси Аймани Қодировани «Шон-шараф» ордени билан тақдирлаганди. Ҳужжатда Чеченистон раҳбарининг онаси фаол ижтимоий фаолияти учун тақдирлангани келтириб ўтилган.
Бунгача Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путиндан Россия гвардияси генерал-полковниги унвонини олганди. Шу билан бирга, Чеченистон раҳбари «Стоматология соҳасидаги хизматлари учун» ордени билан мукофотланганди.
Изоҳ (0)