Россия қўшинлари Херсондан чиқиб кетганидан кейин, Геническ шаҳри Херсон вилояти босиб олинган қисмининг маъмурий пойтахтига айланади. Бу ҳақда Россия томонидан тайинланган маъмуриятда ҳукумат раиси ўринбосарининг матбуот котиби лавозимини эгаллаган Александр Фомин маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
«Бугунги кунда Херсон вилоятининг вақтинчалик маъмурий пойтахти Геническ ҳисобланади. Асосий ҳукумат органларининг барчаси у ерга жойлаштирилган», — деди у.
Аввалроқ Кремль Россия қўшинларининг Херсондан Днепрнинг чап қирғоғига олиб кетилиши босиб олинган Херсон вилояти статусига ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини маълум қилганди. «Бу Россия Федерацияси субъекти, бу статус қонунан белгиланган ва мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ерда ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — деганди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
9 ноябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россиянинг Украинага босқинига қўмондонлик қилувчи генерал Сергей Суровикиннинг таклифи билан қўшинларни Херсондан Днепрнинг чап қирғоғига олиб ўтишни буюрганди. Ушбу қарорни шаҳарни тўлиқ таъминлаш имконсизлиги ва россиялик аскарлар ҳаётини сақлаб қолишга интилиш билан изоҳлашди.
11 ноябрь куни эрталаб Россия Мудофаа вазирлиги Херсондан чекиниш ҳақида ҳисобот берди. Қайд этилишича, Днепрнинг чап қирғоғига жами 30 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар ҳамда беш мингтага яқин қурол-яроғ ва ҳарбий техника олиб ўтилган. Шу куниёқ шаҳарга Украина ҳарбийлари кириб келди.
Херсон Украинада 24 февралдан буён Россия армияси томонидан эгаллаб олинган ягона вилоят маркази эди. Геническ Херсондан тахминан 200 км узоқликда, Азов денгизи соҳилларидаги Арабатская Стрелка яқинида жойлашган.
Изоҳ (0)