“Манчестер Сити” аргентиналик футболчи Клаудио Эчеверрини Германиянинг “Байер Леверкузен” клубига бир мавсум учун ижарага беришга тайёр. Бу ҳақда CityXtra нашри хабар берди.

19 ёшли футболчи 2025 йил бошида “Ривер Плейт”дан “Манчестер Сити”га таркибига қўшилган эди. У асосий жамоа сафида Премьер Лига ва Англия Кубоги доирасидаги ўйинларда майдонга тушди ва ҳатто Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида “Ал-Айн” дарвозасига гол уришни ҳам уддалади.
Шунга қарамай, “Манчестер Сити” мураббийлар штаби Эчеверрининг 2025/26 йилги мавсумни ижарада ўтказиши унинг кейинги фаолияти учун энг тўғри қарор деб ҳисобламоқда. Чунки Пеп Гвардиола жамоасининг ярим ҳимоя чизиғида рақобат жуда ҳам катта.
Ёзда Эчеверри учун “Боруссия Д” ва “Рома” ҳам таклиф жўнатган эди. Дортмунд клуби футболчини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олмоқчи, Рим клуби эса бир йиллик ижара ва кейинчалик 33 миллион евролик мажбурий сотиб олишни таклиф қилган. “Манчестер Сити” эса ҳар иккала вариантни рад этди.
“Байер Леверкузен” билан келишув тўлиқ бир йиллик ижара шаклида бўлиб, сотиб олиш банди киритилмаган. Германия клуби футболчига ички чемпионат ва Чемпионлар Лигасида мунтазам ўйин амалиёти бера олади, бу эса “Манчестер Сити”нинг узоқ муддатли режаларига тўлиқ мос келади. Эчеверри яқин кунларда Германияга учиб кетиши ҳамда у ерда тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)