Буюк Британиянинг янги бош вазири Риши Сунак Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилиб, Лондон Украинани сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Томонлар Россияга босимни давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда Британия бош вазири канцелярияси хабарида айтилган.
Сунакнинг сўзларига кўра, унинг бош вазирлиги даврида Буюк Британиянинг Украинани қўллаб-қувватлаши «ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ бўлади, президент Зеленский эса Сунак ҳукуматининг доимий бирдамлигига ишониши мумкин».
«Бош вазир, шунингдек, МАГАТЭнинг Украинадаги ядро хавфсизлиги ва ҳар қандай дезинформацияга нисбатан шаффофликни таъминлаш бўйича олиб бораётган ишининг муҳимлигини таъкидлади. Ҳар икки етакчи иқтисодий санкцияларни давом эттириш орқали Россия президенти Владимир Путиннинг варварча режимига босим ўтказишни давом эттириш зарурлиги тўғрисида келишиб олди», — дейилади хабарда.
Баёнотда таъкидланишича, Сунак Зеленский билан «тез орада юзма-юз кўришиш» умидида эканини билдирган.
Кеча, 25 октябрь куни Риши Сунак расман Британиянинг 57-бош вазири этиб тайинланди. Сунак ушбу лавозимдаги илк чиқишида Украинадаги уруш ҳақида гапирди.
Ўз нутқида у Россияни коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатлари фонида бутун дунё бўйлаб энергия бозорлари ва таъминот занжирларини беқарорлаштирганликда айблади.
Изоҳ (0)