Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Украина етакчиси Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни мамлакатдаги можарони дипломатик усуллар билан ҳал қилишга чақирди, деб хабар берди Haberturk.
Эрдўғон музокаралар «ҳар қандай шароитда ҳам» Украина президентининг устувор йўналиши бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади. Туркия раҳбарининг ўзи Украина ва Россия ўртасида воситачи бўлишга ва дипломатик жараёнларни ташкил қилишда ҳар қандай ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Эрдўғон, шунингдек, Зеленскийга Бартиндаги кондаги портлаш муносабати билан таъзия билдиргани учун миннатдорчилик изҳор этди.
Аввалроқ ОАВда Туркия расмийлари Россия ва етакчи Ғарб давлатлари ўртасида Истанбулда музокаралар ташкил этишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Шунингдек, 18 октябрь куни Анқара Путин ва Зеленскийни учраштиришнинг ҳозирча ҳеч қандай имкони йўқлигини билдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)