Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк 10 октябрь, душанба куни эрталаб Украинанинг айрим шаҳарларига берилган ракета зарбалари Қрим кўпригидаги портлашга алоқаси йўқлигини таъкидлади, дея хабар беради «ЧТД».
«Россия армиясининг Украина шаҳарларига йўналтирилган бугунги ракета зарбалари бир неча ҳафта олдин режалаштирилган ва Қрим кўпригидаги портлаш билан боғлиқ эмас», — деди Подоляк «Воздух» телеканали эфирида.
«Бу (ракета ҳужуми) жуда мураккаб операция эди. Бутун уруш давомида бундай кенг кўламли зарбани тайёрлаш мумкин эмасди. Бу Украина ҳаво мудофааси тизимларининг ҳаддан ташқари юкланишини синхронлаштириш, ҳамма нарсани ҳисоблаш, жадвалларни тузиш ва ҳоказо. Бу узоқ вақт олувчи жараён», — дейди Украина президенти офиси маслаҳатчиси.
Подоляк, шунингдек, Қрим кўпригидаги портлаш Россия томонидан махсус уюштирилганини таъкидлади. Унинг фикрича, Путин воқеани теракт деб аташ орқали Украина шаҳарларининг бугунги оммавий ўққа тутилишини оқлаши мумкин эди.
Киевда метро ҳаракати тўхтатилган, метрополитеннинг барча бекатлари фуқаролар учун бошпана сифатида фойдаланилмоқда. Шунингдек, Днепрда ҳам портлаш овозлари эшитилган. Шаҳарда ва вилоятда ҳаво тревогаси эълон қилинган. Бундан ташқари, ОАВлар Украинанинг Хмелницкий, Житомир, Львов, Кременчуг, Кривой Рог, Тернопол шаҳарларидаги портлашлар ҳақида ҳам хабар бермоқда. «Россиянинг ушбу жиноятга жавоби фақат террорчиларни бевосита йўқ қилиш бўлиши мумкин. Бутун дунёда айнан шундай қилинади. Россия фуқаролари айнан шуни кутмоқда», — дея фикр билдирди Медведев. Киев Қрим кўпригига зарба бериши ҳақида аввалроқ кўп бора огоҳлантирганди. «У орқали техника билан таъминлаш амалга оширилмоқда, демак уни бузиш керак», — деган эди Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович.Украина шаҳарларидаги портлашлар
10 октябрь куни эрталаб Киевда ва Днепрда бир неча марта портлашлар содир бўлди. Киев мери Виталий Кличко шаҳарга зарбалар берилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Киев марказидаги Шевченко тумани ҳужумга учраган.Шевченко туманида ракета зарбаси оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, яна 24 нафар тинч аҳоли вакили яраланди.Қрим кўпригидаги портлаш
Қрим кўпригида 8 октябрь куни тонгда юк машинаси портлаб кетди. Портлаш туфайли шу пайт кўприкнинг темир йўл қисмида ҳаракатланаётган юк поездининг ёнилғи ортилган цистерналари ёниб кетди. Оқибатда уч киши ҳалок бўлди, шунингдек, кўприкнинг автомобиль йўли қисмида учта таянч устуни оралиқлари қулаб тушди.Кўприкда ҳаракат тўхтатилди, кўрфаз орқали паромлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилди. 8 октябрь куни кечки пайтга келиб, кўприк орқали ҳаракат қайта тиклана бошлади. 9 октябрь куни иккита полоса орқали ҳаракат ҳам қайта йўлга қўйилди.Россия жавоб қайтаришга ваъда берди
Қрим кўпригидаги портлашдан кейин Россия Тергов қўмитаси терроризм ҳақида иш очди, мамлакат президенти Владимир Путин воқеада Украина махсус хизматларини айблади. «Шубҳасиз, бу Россия Федерациясининг ўта муҳим фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилишга қаратилган терактдир, — деди Путин. — Муаллифлар, ижрочилар, буюртмачилар — Украина махсус хизматлари».Қрим кўпригидаги портлаш ва ёнғин қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракати ҳисобланади, унинг ортида эса «криминал Киев режими» турибди, уларни «йўқ қилиш» керак, деди Россия собиқ президенти, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев.Украина кўприкдаги портлашни зиммасига олдими?
Портлаш Украина хавфсизлик хизмати операцияси бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳодисадан кейин кўп ўтмай ОАВларда пайдо бўлган эди. Хусусан, бу ҳақда «Украинская Правда» ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига таяниб хабар берган, The New York Times исми сир қолишни истаган украиналик юқори мартабали амалдорга асосланиб ёзган.Украина махсус хизматлари Қрим кўпригидаги портлаш учун жавобгарликни расман зиммасига олганича йўқ. Бироқ Украина Мудофаа вазирлиги Қрим кўпригидаги ҳодиса юзасидан изоҳ бериб, Twitter’да қуйидагича пост қолдирди: «‘Москва’ ракета крейсери ва Керч кўприги — Украина Қримида Россия ҳокимиятининг иккита машҳур рамзи — йўқолди. Руслар, энди навбатда нима?»