Наманган вилоятининг Норин туманида Malibu-2 ни сотган фуқаро унинг пулини сўрашга борганида пичоқланиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Норин тумани, «Қозоқовул» МФЙда яшовчи Д.Т. ўзига тегишли Malibu-2 ни 2022 йилнинг июлида туманнинг «Шўрариқ» МФЙда яшовчи С.Т. га ўзаро келишувларига асосан сотиб, шу куни пулнинг бир қисмини олган ва қолган қисмини кейинчалик беришга келишган.
С.Т. келишилган пулни ўз вақтида бермаганидан сўнг, машина эгаси Д.Т. пулни олиш мақсадида 30 сентябрь куни у билан учрашган вақтида ўзаро жанжаллашиб қолишган. Жанжал вақтида С.Т. хўжалик пичоғи билан Д.Т. нинг ҳаёти учун муҳим бўлган тана қисмига бир маротаба қасддан уриб, тан жароҳати етказган.
Д.Т. шифохонага олиб борилиб зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамай, шифохонада вафот этган.
1 октябрь куни Норин туман прокуратураси томонидан С.Т. га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, шу куни унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ (0)