«Дарё» нашри 15 сентябрда Ўзбекистон ва жаҳонда рўй берган энг муҳим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этади.
Бугун нафақат маҳаллий нашрларнинг, балки дунёдаги кўплаб ОАВнинг нигоҳи Самарқандда ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига қаратилди.
Ушбу халқаро даражадаги учрашувга Арманистон бош вазири Никол Пашиняндан ташқари кутилган барча давлат раҳбарлари ташриф буюрдилар. Бугун ўтказилаётган саммитнинг кун тартибида кўрилган масалалар ҳақида хабар берамиз.
Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари чегараолди савдо ҳудудини яратиш масаласини муҳокама қилди
Самарқанддаги ШҲТ саммити доирасида 15 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан суҳбатлашди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Мулоқотда чегараолди савдо ҳудудини яратиш, қўшма инвестиция фонди маблағларини жалб қилган ҳолда кооперация лойиҳалари сонини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланган.
Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш масаласини муҳокама қилди
Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрган Покистон Ислом Республикаси бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди.
Етакчилар икки томонлама, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини батафсил кўриб чиқди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш, савдо учун тўсиқларни бартараф этиш, товарларни ўзаро етказиб бериш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев автомобилсозликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мавзусини муҳокама қилди
Самарқанддаги ШҲТ саммити доирасида 15 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев олий даражадаги келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Қайд этилишича, қўшма инвестиция фондини ташкил этишни жадаллаштириш, нефть-газ, автомобилсозлик, кимё ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 15 та ҳужжат имзоланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг самарали музокараларидан сўнг икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари қўшма баёнот имзолади, унда асосий келишувлар қайд этилган, ҳар томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболлари акс этган.Шунингдек, олий даражадаги ташриф доирасида 15 та ҳужжат имзоланди.
Яна бир кўпчилик кутган муҳим янгилик. Эрон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш бўйича мажбуриятларни ўзида акс эттирган меморандумга имзо чекилди. Эндиликда Эрон ташкилотнинг 40 дан ортиқ ҳужжатларини ратификация қилиши керак. Фақатгина ушбу тартибдан сўнг мамлакатга тўлиқ аъзо мақоми берилади.
Изоҳ (0)