14 сентябрь куни Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари томонидан қарши ҳужум пайтида озод қилинган Харьков вилоятининг Изюм шаҳрига келди. Ташриф давомида олинган суратлар Украина президентининг расмий Telegram каналида чоп этилди.
«Авваллари юқорига қараганимизда доим мовий осмонни қидирардик. Бугун эса юқоридан фақат бир нарсани — Украина байроғини излаяпмиз. Бизнинг кўк-сариқ байроғимиз озод этилган Изюмда аллақачон ҳилпираб турибди. Украинанинг барча шаҳар ва қишлоқларида шундай бўлади. Биз фақат битта йўналишда — олдинга ва ғалаба сари ҳаракат қиляпмиз», — дея суратлар остига изоҳ ёзган Зеленский.
Изюм апрель бошида Россия қўшинлари томонидан эгалланган эди. Украина Қуролли кучлари сентябрь ойи бошида Харьков ва Херсон вилоятларида бошланган кенг кўламли қарши ҳужум давомида шаҳар устидан назоратни қайтариб олди. Изюм маъмуриятининг маълум қилишича, шаҳар учун жанглар ва оккупация пайтида камида минг нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, бу ҳисобга тиббий ёрдам олиш имконияти йўқлиги сабаб вафот этганлар киритилмаган.
Изоҳ (0)