Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Тошкент шаҳридаги хусусий мактаблардан бирининг биринчи синфда таҳсил олган 77 нафар ўқувчи янги ўқув йилида давлат мактабларида таҳсилини давом эттириш учун яна биринчи синфни қайта ўқишга мажбур бўлмоқда. Сабаби хусусий мактабнинг бир йиллик таълими Халқ таълими вазирлиги томонидан тан олинмаяпти.

Бу ҳақда «Дарё»га мурожаат қилган ота-оналар фарзандларининг бир йиллик меҳнати пучга чиқаётганини таъкидламоқда.

2015 йилда туғилган қизимнинг лаёқатини кўриб, мактабга чиқаришни ният қилдим. Бошқа мактаблар олти ёшдан қабул қилмагани, шунингдек ‘Умние дети’ номли хусусий мактаб эълонида улар олти ёшли болаларни 1-синфга қабул қилаётганини кўриб, фарзандимни айнан шу мактабга жойлаштирдим. Мактаб раҳбарияти уларнинг низомида болаларни олти ёшдан ҳам қабул қилишлари ҳақида ёзилганини кўрсатди. Хуллас, қизим шу хусусий мактабда 1-синфни ўқиб, тугатди. Ўқиш давомида ‘Алифбе’ байрамлари, биринчи ва сўнгги қўнғироқ тадбирлари ўтди. Йил якунига келганда қизимни бошқа, бунданда яхши мактабга бериш учун ўқишини кўчириш ҳаракатига тушдик. Лекин билсак, қизим ва шу мактабнинг 76 нафар биринчи синф ўқувчиси Халқ таълими вазирлигининг базасида йўқ экан. Тўғрироғи ҳужжатларда улар ўқимаган бўлиб чиқди», — дейди мурожаатчи ота Миравзал Ҳидоятов.

Миравзал Ҳидоятов.

Миравзал Ҳидоятов.
Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Мурожаатчининг айтишича, улар хусусий мактабнинг ҳар ойдаги 2 миллион сўмлик тўловини ўз вақтида тўлаб борган. Бироқ йил якунида алданганини билиб қолган.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова
Биз хусусий мактаб томонидан қўйиладиган барча талабларни бажардик. Ойига 2 миллион сўмлик тўловини ўз вақтида тўлаб бордик. Қолаверса, бошқа йиғинлар учун ҳам ўз вақтида пул берилган. Тан олиш керак, мактабнинг ўқитиш тизими маъқул. Қизимнинг анча билими бор. Лекин йил якунида улар ўқимаган бўлиб чиқаётгани, қизимнинг бир йиллик меҳнати куйиб қолаётгани жуда ачинарли бўлмоқда. Қизим ҳозир давлат мактабида яна биринчи синфда ўқиб, ўша чизиш ва санашни ўрганмоқда», — дейди мурожаатчи.

«Умние дети» номли хусусий мактаб.

«Умние дети» номли хусусий мактаб.
Фото: Мактаб архивидан
«Дарё» журналисти билан суҳбатлашган «Умние дети» номли хусусий мактаб директори Ҳилола Йўлдошева мурожаатчи отанинг «мактаб раҳбарияти бизни алдади», деган айбловини рад этиб, бунда уларнинг айби йўқлигини таъкидламоқда.
Биз йиллар давомида айнан шундай фаолият юритиб келганмиз. Кўплаб иқтидорли ўқувчилар чиқардик. Ютуқларга эришдик. Шу пайтгача ҳеч ким фаолиятимиздан норози бўлмаган. Етти ёшга тўлмаган болаларни 1-синфга қабул қилмаслик кераклиги ҳақида янги тартибдан кеч хабар топдим», — дейди «Умние дети» номли хусусий мактаб директори Ҳилола Йўлдошева.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова
Миравзал Ҳидоятовнинг маълум қилишича, хусусий мактаб раҳбарияти яна мактабга пул тўлаб, фарзандларини бир йил ўқитишга мажбурлигини билдирган.
Мактаб ўқувчиси вазирлик базасига етти ёшга тўлганидан сўнг киритилар экан. Биз мактаб раҳбариятидан нега бунақа ҳолат содир бўлди деб сўраганимизда, ‘биз бу даражада мураккаб деб ўйламагандик, шунақа бўп қолди’, дейишмоқда. Бу ҳолат бўйича прокуратурага мурожаат қилганимизда мактаб раҳбариятининг иши текширилиб, судга берилди. Суд эса мактаб лицензиясини бекор қилди. Болалар тақдири эса ҳамон очиқ қолмоқда. Халқ таълими вазирлиги эса болалар давлат мактабларида яна биринчи синфни ўқиши керак демоқда», — дейди Миравзал Ҳидоятов.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова
Мурожаатчи ота-оналардан яна бири Шуҳрат Миршаропов эса мазкур вазиятга хусусий мактаб раҳбарияти айбдор эканини айтмоқда.
2015 йил туғилган қизимни ўқишга лаёқати етгани учун хусусий мактабга олти ёшдан ўқишга чиқардим. Мактаб раҳбарияти ўқувчини олти ёшдан қабул қилишга рухсати борлигини айтгани учун ҳам шу мактабни танлагандик. Бироқ ўқув йили ўртасида қизим мактаб овқатларини ейишда қийналгани, дарс сифати бизни қониқтирмагани учун уни бошқа мактабга кўчирмоқчи бўлдим. Аммо мактаб раҳбарияти йил ўртасида ҳужжатларини беролмаймиз, ҳали булар базага кирмаган дейишди. Хуллас, бу муаммо ҳақида ўқув йили ўртасида билдик. Раҳбарият эса чоракларни якунлашсин, ҳужжатини қонуний қилиб берамиз дейишди. Лекин йил якунида яна алдандик. Энди қизим давлат мактабларида ўқиш учун яна биринчи синфни ўқишга мажбур бўлмоқда», — дейди мурожаатчи Шуҳрат Миршаропов.

Шуҳрат Миршаропов.

Шуҳрат Миршаропов.
Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Мурожаатчи отанинг айтишича, у мазкур муаммо сабаб таълим инспекциясига мурожаат қилган.

Таълим инспекциясига бориб, шу хусусий мактабни бир йил давомида неччи маротаба текширдингиз, уларнинг таълим сифати қай даражада экан, шунга қизиқдингизми деб савол бердим. Улар хусусий мактаб эгаси тадбиркор эканини, тадбиркорни эса безовта қилолмасликларини айтишди. Хўш, тадбиркор мен тадбиркорман деб 77 нафар боланинг тақдирини шундай куйдириши керакми? Вазирлик ва таълим инспекцияси эса буни кўра-била туриб жим туриши керакми?», — дейди мурожаатчи.
Мазкур ҳолатни изоҳлаган «Умние дети» номли хусусий мактаб директори Ҳилола Йўлдошева 10 йил давомида олти ёшли ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиб келганини айтмоқда.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова
Биз 10 йил давомида олти ёшли болаларни биринчи синфга қабул қилиб келганмиз. Бу ҳолатга 2021 йил ўзгартириш киритилиб, олти ёшли болаларни биринчи синфга қабул қилиш тақиқланган экан. Аммо мен бундан бехабар қолиб кетганман. Хўш, таълим инспекцияси нега бизни бундан хабардор қилмади? Нега бизга огоҳлантириш хати беришмади?», — дейди Ҳилола Йўлдошева.
«Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди», — дейди хусусий мактаб директорининг бу айбловига жавоб берган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби Шавкат Хўжақулов. — Биз ўзгариш ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали бонг урганмиз. Барчани хабардор қилганмиз».

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Мурожаатчи ота-оналар томонидан «Дарё»га тақдим этилган аудиоёзувларнинг бирида мактаб директори мактабдаги йиғилишларнинг бирида ота-оналар сўровига жавобан давлат қонунида болани етти ёшдан қабул қилиш белгиланган бўлса-да, Тошкент шаҳрида айрим мактабларга болани олти ёшдан қабул қилишга рухсат беришганини, ана шу айрим мактаблар орасида Ҳилола Йўлдошева раҳбарлигидаги мактаб ҳам борлигини айтган.

Аудиоёзувда ота-оналар томонидан «Фарзандимиз бир йил ёки олти ой ўқиганидан кейин йўқ сизларники ўтмади», деган гап бўлмайдими деган савол берилганида мактаб директорининг овози экани айтилган овоз эгаси «Яхши ва ўринли савол. Мен гапимнинг бошида айтдим, Тошкент шаҳрида учта хусусий мактабга рухсат берилган (олти ёшдан биринчи синфга қабул қилиш назарда тутилмоқда —«Дарё» изоҳи) Биз таълим соҳасида суягимиз қотган одаммиз. Айрим хусусий мактабларга рухсат беришган, айрим», дея ота-оналарни тинчлантиргани эшитилади.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Мурожаатчи оталардан бири Шуҳрат Миршароповнинг қўшимча қилишича, хусусий мактаб директори Ҳилола Йўлдошева мазкур муаммо ечими сифатида уларга таклиф берган.

Мактаб директори болангизни бизда ўқитишда давом этсангиз ва тўртинчи синфгача шу ерда ўқитсангиз, ўшанда тўртинчи синфни якунлади деган ҳужжат тайёрлаб берамиз ва фарзандингиз ўшанда базага киритилган бўлади. Бу ҳақда инспекциядагилар билан гаплашганман. Юқоридаги танишларим орқали бу ишни ҳал қиламан дея яна бизни ишонтиришга уриняпти. Унга ишонсак, фарзандим тўртинчи синфни тугатганда ҳам яна давлат мактабида бешинчи синфга ўтмай, тўртинчи синфда қайта ўқишга мажбур бўладими деб қўрқаяпмиз», — дейди Шуҳрат ака.
Шуҳрат Миршароповнинг айтишича, у мазкур муаммо юзасидан Халқ таълими вазирлигига ҳам борган.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова
Вазирлик масъулларига бу муаммо ҳақида айтсам, ҳа, бу муаммодан хабаримиз бор. Бу мактаб раҳбариятининг азалдан жой бўйича ҳам муаммоси бор, аммо бу вазиятда вазирлик ҳеч қандай ёрдам беролмайди. Хусусий мактаблар назорати бизга қарамайди. Ёрдам беролмаймиз, дейишди. Демак, мактаб хусусий бўлса билганини қилади деганими бу», — дейди Шуҳрат Миршаропов.
Мурожаатчи оналардан бири Дилдора Ҳидоятова фарзанди мактабга чиққанида уларга президент совғаси берилганини, одатда президент совғаси ҳаммага ҳам берилмаслигини айтиб, фарзандлари тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаётганини таъкидламоқда.
Болаларимиз тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Ҳамма биз ота-оналарни айблаяпти. Биз давлат фаолиятига рухсат бериб қўйган хусусий мактабга ўқитганмиз-ку. Нега энди фақат бизни айблаб, муаммога эътибор қаратишмаяпти? Ахир хусусий мактаб фаолиятига масъуллар рухсат берган-ку. Нега энди масъулиятдан қочишммоқда? Фарзандларимиз яна биринчи синфда ўқиса, ўқишга бўлган иштиёқи сўниб қолади», — дейди Дилдора Ҳидоятова.

Дилдора Ҳидоятова.

Дилдора Ҳидоятова.
Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова
Аслида бу ишларнинг барчаси биз эгалик қилиб келаётган бинони эгаллаш учун қилинмоқда. 2020 йилдан бери шу ҳаракат бор ва ҳамон давом этмоқда. Аслида эски, қаровсиз бинога 5 миллиард 200 миллион сўм маблағ киритиб, шу замонавий мактабни барпо қилгандим. Бугунги кунга келиб арзимас сабаблар билан бизга шу тарзда босим ўтказилиб, замонавий биномизни тортиб олишмоқчи», — дейди хусусий мактаб директори Ҳилола Йўлдошева.

Хусусий мактаб биносининг аввалги кўриниши.

Хусусий мактаб биносининг аввалги кўриниши.
Фото: Мактаб архивидан
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова «Дарё»нинг мазкур масала юзасидан қилган сўровига жавобан 2021 йил июнь ойида умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфига қабул қилинаётган болалар «Таълим тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонуннинг 9-моддасига асосан етти ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши ҳақида эслатма берилганини айтмоқда.
Янги таҳрирдаги қонун қабул қилинган йили 2021/2022-ўқув йилида 2014 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар 1-синфга қабул қилинишини эслатиб, эълон бердик. Шунингдек, мазкур қонун талаблари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, мулкчилик шаклидан қатъи назар, яъни нодавлат хусусий барча таълим муассасалари учун ҳам мажбурийлигини ёздик», — дейди Лайло Рустамова.

Хусусий мактаб биносининг аввалги кўриниши.

Хусусий мактаб биносининг аввалги кўриниши.
Фото: Мактаб архивидан

Вазирлик масъулининг қўшимча қилишича, 77 нафар бола айни кундаги давлат мактабларига жойлаштирилган ва таълимни яна биринчи синфдан давом эттирмоқда.

«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар