Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Эр-хотин иккита ёки тўртта боласи билан бирга битта ётоқхонада ухлай оладими, кейин ўша хонада овқатланиб, дарс тайёрлаб, меҳмон кутиб, бошқа кутилган-кутилмаган, айтса бўладиган ёки айтиб бўлмайдиган эҳтиёжларини бажара оладими?

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Умуман кутилмаган тасодиф билан «Қалпоқ»да эпизодик роллари билан танилган актриса Фотима Назарова билан интервью сабаб ижодкорлар ётоқхонасига бориб қолдик. Ижодкорлар яшайдиган ушбу ижара ётоқхонага маданият соҳасидаги раҳбарлардан 26 йил ичида Баҳодир Аҳмедов бориб, вазиятни ўрганиб, юқоридаги саволларни ходимларига берган экан.

Ушбу ижара ётоқхона, ундаги шарт-шароит ҳақида актриса Фотима Назарова «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга қуйидагиларни очиқлади.

Охирги маротаба Баҳодир Аҳмедов вазир бўлган вақтларида бу ётоқхонага 5-6 маротаба келган. Ўша инсоннинг саъй-ҳаракати билан тўққизинчи қаватдан таъмирлаш ишлари бошланган эди. Ўшангача бу ётоқхона ҳеч қачон таъмирланмаган. Ҳозир сизлар сал эпақага келган вақтида келяпсизлар. Авваллари бу жой жуда хароб аҳволда бўлган.

Баҳодир Аҳмедовни режалари кўп эди. Афсуски, ишдан кетдилар. «Қайсинг болаларинг билан битта хонада эр-хотин бирга ётасизлар, ётиб кўринглар-чи, булар ҳам инсон, ижодкор, маданият ходими», дедилар.

«Бу ерда ҳамма оиласи билан, боласи билан яшайди. Шундай қиламиз ҳар бир оилага иккитадан хона берамиз, ёшларни бошқа ётоқхонага жойлаштирамиз, шароит қиламиз», дедилар. Akfa деразалар қилишни бошлагандилар, ишдан кетганларидан кейин у иш ҳам қолиб кетди. «Нафақадагиларга, узоқ муддат ётоқхонада яшаганларга навбатма-навбат уй бераман», дедилар, бердилар ҳам, агар ишдан кетмаганларида қачонлар мен ҳам уйли бўлармидим, барака топсинлар.

Мен 26 йилдан буён шу ётоқхонада яшаётган бўлсам, Баҳодир Аҳмедовдан бошқа вазир бу ётоқхонага келмаган. Улардан кейин ҳам ҳали бирорта вазир бу ерга келмади.

Ҳозир бу ётоқхонани мақомини ўзгартириб юборишган. Ҳозир бу жой ётоқхонани эмас-да, ишлаб чиқариш мақомига ўзгартиришди. Бу ерда боладан бошқа нима ишлаб чиқаради. Ётоқхонани корхона қилиб, «хозрасчот»га ўтказиб қўйди.

Бу жой ётоқхона бўлганида ҳеч бўлмаса бу ерга тўлайдиган пулимизни уйга йиғармидик. Мен ҳозир 600 минг сўм ойлик олиб, 642 минг сўм ётоқхона ижарасига тўлайман. Иккита боламга едирайми, мактабга берайми, ўзим кийинайми, баъзида ролларга бир хил кийимда чиқиб қоламан, «бечоранинг кўйлаги йўқмикан», деб ёзишади. Ҳақиқатан кўйлагим йўқ, шунинг учун бир хил кўйлак кийиб юраман, сотиб олишга маблағим йўқ.

Бизга ёрдам беришсин, деб илтимос қилардим. Бир ўзимнинг номимдан эмас, кўпчиликнинг номидан илтимос қиламан.

Фотима Назарова, актриса, хонанда

Ётоқхона ваннаси, ҳожатхона ва ошхонаси ҳақида

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»
Бир қаватда 12 та хўжалик, ҳаммаси оилали. Мисол учун менда иккита фарзанд бўлса, қайсидир оилада учта, тўртта фарзандли оилалар ҳам бор. Эр-хотин, тўртта боласи билан битта хонада яшайди. Ётоқхонамиз ҳам, меҳмонхонамиз ҳам, дарсхонамиз ҳам, ошхонамиз ҳам шу битта хонадан иборат. Ўн иккита оила учун битта ошхона ва ошхонада жами бўлиб, икки дона газ плитаси бор. Бир-биримизни кутиб, навбатма-навбат овқат пиширамиз.

Ванна, туалет учта хўжаликка битта. Қишларда совуқ бўлиб, елвизак бўлиб ётарди. Ёши ўтганлар бор, имконсизликдан бу ерда яшамоқда. Имкони йўқ-да, имкони бўлганида бу ердан кетарди. Кимга зарур, шу санъатга фидоийлик қилиб, санъат деб ойликни кутиб, чидаб, сабр қилиб юришибди.

Фотима Назарова, актриса, хонанда

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»
Санъатга фидойи бўлиб, нафақага чиққанлар бор. Шу санъат учун умри ўтган, лекин кексалигида бир четга суриб қўйилган. Кимдир шу гапларимни эшитиб қолса, бизга ёрдам берса, дейман.

Бир куни жуда хафа бўлдим. «Тошкентлик», «вилоятлик», «келгинди», «келиб қолган» деган гаплар бор. Ўзбекистонда, битта Ватанда яшаймиз-ку, бунақа гаплар нимага керак. Биз аслида ҳаммамиз келгиндимиз, у дунёга борганда сараланамиз.

Ётоқхонада биримизнинг боламиз сийиб қўяди, биримизнинг боламиз кўрпачага чой тўкиши мумкин, балконга чиқариб илишга, қуёшда қуритишга ҳаққимиз борми. Бир куни мен илсам, бошқа кун бошқа оила илади, алмашиб иламиз-да, бошқа иложимиз йўқ.

Бир куни иккита қари аёлнинг орқасидан келяпман, бехосдан уларнинг суҳбатини эшитиб қолдим. Балконимизга қараб, исқиртлар, илиб қўйишади, деб роса бизни ёмонлашди. Дилим оғриди. Ваҳоланки бизнинг дардимизни, муаммомизни билишмайди. Ётоқхонада яшайсизми, деб менсишмайди, балки мактабда болаларимизнинг ҳам устидан кулишар.

Фотима Назарова, актриса, хонанда

Маълумот учун, Фотима Назарова 1971 йил таваллуд топган. 1991 йили ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг мусиқали драма театри актёрлиги бўлимида таҳсил олган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар