Колумбиянинг собиқ президенти Альваро Урибе процессуал фирибгарлик ва гувоҳларни пора билан оғдиришга оид даъволар бўйича айбдор деб топилиб, 12 йилга уй қамоғига ҳукм қилинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Собиқ президентнинг ҳукмини Богота суди судьяси Сандра Ҳередиа 1 август куни эълон қилган. Урибе эса ўзига қўйилган айбловларни рад этмоқда. Унинг адвокати суд ҳукмига апелляция шикояти берилишини маълум қилган.
Судьяга кўра, Урибе яна бир жиноят — прокурорга пора бериш айблови бўйича оқланган. 73 ёшли Урибе 2002–2010 йиллар оралиғида Колумбияга президентлик қилган ва мамлакат тарихида судланган биринчи собиқ президент бўлди.
Мазкур ишнинг келиб чиқиши 2012 йилга бориб тақалади. Ўшанда ҳозирда ҳукмрон бўлган “Тарихий пакт” партиясининг сенатори Иван Сепеда Урибени ҳарбийлаштирилган гуруҳлар тузишда айблаганди. Урибе эса буни туҳмат деб билиб, Сепедага қарши судга даъво киритганди. Бироқ 2018 йилда Колумбия Олий суди Урибенинг ўзини гувоҳларга таъсир ўтказганликда гумон қилиб, тергов бошлаган.
2024 йилнинг май ойида прокуратура Урибега нисбатан расмий айблов қўйган — судга таъсир кўрсатиш, процессуал фирибгарлик ва пора бериш. Жараён 67 кун давом этиб, жорий ҳафта ўз якунига етган.
Урибе бутун суд жараёни давомида ўзини айбсиз деб таъкидлаб келган. Уни яна бир бошқа собиқ президент Иван Дуке ва бошқа мухолифатчи сиёсатчилар қўллаб-қувватламоқда. Аксинча, ҳукумат тарафдорлари суд ҳукмини адолат тантанаси сифатида кутиб олди. Сенатор Сепеда эса суд қарорини олқишлаб, CNN’га берган интервьюсида бу иш ҳали якунланмаганини таъкидлаган.
“Бу ҳали йўлнинг бошланиши”, деган у.
Изоҳ (0)