Аслида санъаткорнинг мавқейини мухлислар белгилаб беради. Аммо баъзида санъаткор ва мухлислар орасида ҳам низоли вазиятлар бўлиб туради. Қуйида «Дарё» мухбири Наргиза Муродова санъаткорларни жиғибийрон бўлишга мажбурлайдиган ҳолатлар ҳақида сўз юритади.
Каниза Бўстонлиқдаги тўйда нега жанжал кўтарганди?
Ҳамиша шоу-шувлар марказида бўладиган хонанда Каниза тўйхонада мухлисини ҳақоратлагани акс этган видеоси тарқалганди. Бу тўй 2021 йилнинг ноябрь ойида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бўлиб ўтганди. Видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди ва интернет кузатувчилари хонандани тарбиясизликда айблашди.
— Тўйхонага яхши кайфиятда борганмиз. Бир эркак чўнтаги йўқ шимимга пул қистирмоқчи бўлди. Табиийки, бу менга ёқмади. Унга эътибор бермай қўшиғимни айтаётганимда, менга ҳақорат қилаётганини эшитиб қолдим. Чунки у ўтирган стол билан менинг турган ер бир-бирига анча яқин эди. Қўшиқни тугатгач. Чиройли огоҳлантириш бердим. Аммо у истаганидек сўкди. Тарқалган видеода «ўзинг шунақасан», деган гапни кўп ишлатганман. Чунки мен эмас, аввал у куракда тургайдиган гаплар билан сўкинганди. Икки томонни билмай туриб, хулоса қилиш осон. Аммо биз демократик жамиятда яшамаяпмиз, аёл кишини сўкиш, ҳақорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, — дейди хонанда Каниза.
Шоҳжаҳон Жўраевни асабийлаштирган ҳолат
Хонанда Шоҳжаҳон Жўраев тўйларнинг бирида қўлини елкасига қўйиб суратга тушмоқчи бўлган йигитни силтаб ташлагани акс этган видео тарқалганди. Ижодкорнинг қиёфасидан англаш мумкинки, мухлисларнинг бундай хатти-ҳаракати хонандага ёқмайди.
Бундан ташқари, у Instagram'да уни кузатадиган негативчиларга ҳам мурожаат йўллаганди.
— Instagram'га ўзининг суратини жойламай, исмини ёзмай, профилини беркитиб хоҳлаганча сўкиниб, одамларга ақл ўргатадиганлар ҳақида гапирмоқчиман. Улар шариат ва диндан гапириб, ўзидан уламони ясаволиб ҳамманинг ғашига тегишни йиғиштиришса бўларди. Жуда жонга тегишди. Шундай инсонларнинг фарзанди бордир, ўзига қайтиб қолишидан қўрқмасмикан?! Ўзингизнинг ҳам охиратингизни ўйланг. Ёқмаяптими йўқол менинг профилимдан, — деб қўпол мурожаат қилишга мажбур бўлган хонанда Шоҳжаҳон Жўраев.
Ҳалимахоним: «Гап кўтаролмайман, гапларинг борми?»
Комик актриса Ҳалимахоним ҳам кўп марта мухлислари билан тортишиб қолган. У Instagram'даги жонли мулоқот вақтида кузатувчиларининг гапи учун қўпол муомала қилган.
— Ҳамма ўзича ақлли, келиб юзимга айтишга «духи» етмай Instagram'дан ёзади. «Озишга ҳаракат қилсез бўмийдими?», «Эрингиз сизни қандай хотин қилиб юрибди?», «Ўғлингизни кўзини кўрсацангиз бўлмайдими?» — хуллас мана шунақа нафсониятга тегадиган гаплар. Гап кўтаролмайман, гапларинг борми дейман? Семиз бўлсам кимга оғирлигим тушяпти? Ҳеч ким, шундай экан ҳамма ўзини билсин. Ҳамма учун онаси қадрли бўлганидек мен ҳам фарзандларим учун худди шундайман. Мени нафақат ҳаётда, интернетда ҳам камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўша одамлар жуда ақлли бўлса, ўзини оиласига ва болаларига эътибор берсин! Интернетда шер бўлиб гап чайнарвермайдан, — дейди комик актриса Ҳалимахоним.
Феруза Норматова: «Фаросатни ишлатайлик»
Актриса Феруза Норматова эса кўча-куйда уни кўриб, бирга суратга тушишишини сўраётган йигиларга мурожаат қилган.— Рўмол ўраб, бегона эркаклар билан расмга тушмайман-ку. Озгина фаросатни ишлатиш керак. Шунинг учун кўча-куйда мени кўриб қолсангиз, ёнимга «Расмга тушайлик», деб келманглар, — деди актриса Феруза Норматова.
Алишер Узоқов томошабинга тарсаки туширгани ҳақида...
Алишер Узоқов эса театрда рол ижро этаётганида маданиятни билмаган тамошабинга тарсаки тортиб юборган. Бу ҳолатдан нафақат томошабинлар, балки актёрнинг ҳамкасблари ҳам ҳайрон бўлишган.
— «Дийдор» театр студияси кичкинагина, актёр ва томошабинлар ораси жуда яқин. Жиддий спектакль намойиш этилаётганда биринчи қаторда ўтирган томошабин кулиб ўтирибди. Унга огоҳлантириш бериш учун баландроқ овозда гапирдим. Аммо у кулишда давом этди. Унинг ҳаракатлари ёмон таъсир қилаётгани учун ёнига бориб беихтиёр тарсаки тортиб юборганман. Аммо энг қизиғи саҳна ортида бўлган. Портнёрим Акбархўжа бошқа ҳамкасбларимизга «Алишер ақлдан озиб қолибди. Олд қаторда ўтирган томошабинни урди», дебди. Мен эса спектакль якунлангунга қадар қалтираб, ўзимни ёмон ҳис қилганман, — дейди актёр Алишер Узоқов.
Лола Аҳмедова нега мухлисини руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирган?
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Аҳмедова ашаддий мухлисларидан бирини руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга мажбур бўлган. Бунинг боиси, мухлис хонанда билан муносабатлари ҳақидаги ёлғон маълумотларни тарқатиш билан шуғулланган. У газета ва телевидениега хонанда ҳақидаги бўҳтонларни ёзиб, агар мурожаатига бееътибор қарашса судлашиш билан таҳдид қилган.
— Бу инсон билан рўбаро келдим. Суҳбатлашдим. Ўзимни кўрса, сен билан ишим йўқ, дейди. Лекин биз бунинг тагига этганимизда у кишининг руҳий носоғлом эканлигини аниқладик. Ёки бу иш кимгадир керакмикан? Буни вақт кўрсатади. Бу инсондан руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирганимиздан сўнггина қутулдик. У ҳақиқатан ҳам носоғлом, ноадекват инсон.
У инсон менинг мухлисим бўлганида, тинчимни бузмасди. У туфайли анча овора бўлдим, асабларим бузилди. Прокуратура ходимларига мурожаат қилишга тўғри келди. У ачинишга лойиқ. Унинг онаси билан суҳбатлашишганида, «Ўғлим Лоланинг мухлиси, уни яхши кўради, мен ҳеч нарса қилолмайман’», деган экан,— деганди хонанда Жасур Ҳамроевга берган интервьюсида.
Юлдуз Усмоновани асабийлаштирган парда можороси
Юлдуз Усмонова 2022 йилнинг 12 март куни ўтказилган яккахон концертида техник носозлик сабаб парданинг кўтарилмай қолгани ва айрим мухлислар бунга эътироз билдиргач, хонанда уларга қўпол гапириб юборгани ҳақидаги видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
— Воқеани билмай туриб, баҳо бериш осон. Санъаткорни маданиятсизликда айблашдан аввал «Воқеа нега бундай тус олганди, нега хонанда қаттиқ асабийлашди?» деб ўйлаб кўриш керак. Жонли ижрода куйлаётган хонандага залдаги нотинчлик ҳалал беради. Чунки бутун концерт рэпертуарини эслаб қолиш осонмас. Парда кўтарилаётганида унга кафтдек тахта тиқилиб қолган. Саҳна ишчиларидан бири югуриб саройнинг энг юқори қаватига чиққан. Ҳатто, шошилиб пардани кўтараман деб оёғини тутгич кесиб юборган. Аммо бу ҳолатни томошабинлар билмай, биздан ранжишди. Юлдуз опангиз ҳам қаттиқ асабийлашди, — дейди хонанданинг турмуш ўртоғи ва концерт продюсери Мансур Агалиев.
Мавзуга доир:
- «Шоирни нима жин урди билмайман, бирдан ўзгарди» — Мансур Агалиев Юлдуз Усмонованинг шоир билан можороси қандай якун топганига ойдинлик киритди (видео)
- Юлдуз Усмонованинг эри шов-шувли «парда воқеаси» аслида қандай бўлгани ва концерт харажатларига ойдинлик киритди (видео)
- Ирқчи, зўравон ва қоидабузар: Голливудда номақбул ишлари учун қора рўйхатга киритилган юлдузлар (фото)
- Ашаддий мухлислари таъқибига учраган машҳурлар (фото)
Изоҳ (0)