Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида банк масъули кредит олиш ниятида борган суҳбатдошидан тириклигини исботловчи ҳужжат сўрагани ҳақида хабар берилганди. «Агробанк» ахборот хизмати мазкур ҳолатга муносабат билдириб, тирик инсондан шу мазмундаги ҳужжат талаб қилинганини тасдиқлади.
Маълум қилинишича, Анвар Жавҳаров кредит олиш мақсадида банкнинг Қарши шаҳар филиалига 2021 йилда мурожаат қилган.«Ушбу мурожаатга асосан банкнинг кредит маълумотлар базаси орқали фуқарога доир маълумотлар текширилганда унинг вафот этганлиги қайд этилгани аниқланган. Бунга ушбу фуқаронинг узоқ йиллар давомида ўзи ҳақида бирор-бир хабар бермасдан Россия Федерациясига кетиб қолганлиги, турмуш ўртоғи эса ўрталаридаги мол-мулкни сотиш мақсадида унинг вафот этганлиги ҳақида нотўғри маълумот тарқатиб, давлат нотариал идораси томонидан ушбу маълумот тасдиқланганлиги сабаб бўлган.
Шунинг учун банк масъули унинг тириклигини (ФҲДЁ идораларидан унинг номига ўлганлиги ҳақида гувоҳнома берилмаганлиги ва яшаш манзили МФЙ ва ИИБ паспорт бўлинмасидан ушбу фуқаро айнан Анвар Жавҳаров эканлигини) тасдиқловчи маълумотларни сўраган ва ҳуқуқан банк масъулининг ҳаракатлари тўғри бўлган», — дейилади банк ахборот хизмати тарқатган расмий муносабатда.
Банк масъуллари, шунингдек, Фуқаролик кодекси талабларига кўра, фуқаро Анвар Жавҳаров юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тартиби асосида ўзининг тириклиги фактини белгилаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши лозимлиги ва суд томонидан ушбу ариза қаноатлантирилгач, унинг барча мулкий ҳуқуқлари қайта тикланиши, кредит олиш масаласи ижобий ҳал қилиниши мумкинлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, «Дарё»да ўзининг тириклигини исботлашга уринаётган Анвар Жавҳаров ҳақида мақола эълон қилинганди. Мақолада расман 1998 йилда «ўлган» қашқадарёлик адолат излаётгани, тириклигини исботлашга уринаётгани маълум қилинганди. Айнан шу фуқаро кейинчалик нотариус ҳамда шаҳар прокурорини обрўсизлантириш, уларга туҳмат қилганликда айбланиб, суд қилинганди.
Изоҳ (0)