Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Президентнинг «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Антикоррупция агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш ишлари якунланганини маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Мазкур қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан соҳада амалга оширилаётган ишларни ягона мезон асосида баҳолаш тизими жорий этилиб, бунда баҳолаш 29 та махсус индикаторлар асосида «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали амалга оширилиши белгиланганди. Индикаторлар ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимининг мавжудлиги, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва минималлаштириш чораларининг кўрилганлиги, раҳбар ходимларнинг ҳалоллик бўйича шахсий намунаси, ходимларнинг хабардорлик даражаси, ташкилотнинг коррупцияга қарши ҳуқуқий тарғиботдаги фаоллиги каби бешта асосий йўналишлардаги турли кўрсаткичларни таҳлил қилиш имконини беради.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, баҳолаш биринчи босқичда ўз тизимида коррупцияга қарши стандартларни жорий этаётган 24 та ташкилотда эксперимент тариқасида ўтказилган. Баҳолаш жараёнини самарали ташкил қилиш мақсадида агентлик томонидан қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан:

  • «E-Anticor.uz» электрон платформаси ишга туширилган;
  • 2 февраль куни баҳолаш ўтказиладиган 24 та давлат ташкилоти масъул ходимлари иштирокида семинар-тренинг ўтказилиб, электрон платформадан фойдаланиш тартиби бўйича қўлланмалар тақдим этилган.
Рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан ташкилотлар тақдим қилган маълумотлар таҳлил қилиниб, хулосалари олинган. Баҳолаш давлат ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашишда бир неча тенденция ва услублардан фойдланиб, амалга оширилаётганини кўрсатган.
«Хусусан, Давлат божхона ва Солиқ қўмиталари ўз тизимидаги барча коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш ва улардаги хатар омилини минималлаштириш ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси фаолиятини барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларда ташкил этиш орқали коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини жорий қилган. Бу, ўз навбатида, барча жараёнларни назорат қилиш мавжуд хавфларга тезкорлик билан муносабат билдириб бориш имконини беради.

Бундан ташқари, давлат ташкилоти раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича муросасиз позицияси ва ташкилот тизимига, айниқса аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита муносабатга киришувчи йўналишлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали коррупцияга қарши курашиш тенденцияси ҳам мавжуд. Бунга мисол сифатида Адлия вазирлиги, Давлат божхона, Солиқ ва Статистика қўмиталарини кўрсатиш мумкин.

Умуман олганда, баҳолаш натижалари жорий йил «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ўтказилган коррупциянинг тарқалганлик даражасини жамоатчилик онгида идрок этилишини баҳолашга қаратилган сўров натижалари билан ҳамоҳанг эканлигини кўрсатди.

Хусусан, сўровнома натижаларига кўра аҳоли томонидан энг коррупциялашган йўналишлар сифатида қайд этилган соғлиқни сақлаш, кадастр, олий таълим соҳаларига жавобгар бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти «E-Anticor.uz» электрон платформасига киритилган маълумотларни таҳлил қилиш ва экспертлар фикрига кўра қониқарсиз деб топилди.

Бу эса коррупциянинг тарқалганлик даражасини пасайтириш авваламбор, ташкилотда унинг олдини олиш учун қўлланилаётган превентив механизмларга бевосита боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлайди, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, рейтинг баҳолаш натижалари у ёки бу ташкилот (соҳа)ни коррупциялашган ёки коррупциядан холи деган фикрни бермайди.

Бундан ташқари, «E-Anticor.uz» электрон платформасига айрим ҳужжатлар ёки қилинган ишлар киритилмаган ёки нотўғри киритилгани оқибатида ташкилотларга тегишли баллар берилмаслигининг олдини олиш мақсадида рейтингнинг дастлабки натижалари ташкилотларга тақдим қилинган, уларнинг фикр ва эътирозларига асосан якуний рейтинг шакллантирилган.

Баҳолаш натижаларига кўра, 24 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 3 та ташкилот фаолият самарадорлиги «яхши» – 81 баллдан 100 баллгача, 10 та ташкилот фаолияти «қониқарли» – 55 баллдан 81 баллгача ва 11 та ташкилотнинг ушбу йўналишдаги фаолияти «қониқарсиз» – 55 баллдан паст тоифаларга ажратилган.

1-гуруҳ – фаолияти «яхши» деб топилган ташкилотлар:

Баҳолаш натижаларига кўра, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти яхши деб топилган.

2-гуруҳ – фаолияти «қониқарли» деб топилган ташкилотлар:

Баҳолаш натижаларига кўра Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Мактабгача таълим, Транспорт вазирликлари, Давлат статистика қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш, Давлат активларини бошқариш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентликлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти қониқарли деб топилган.

3-гуруҳ – фаолияти «қониқарсиз» деб топилган ташкилотлар:

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Халқ таълими, Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш, Кадастр агентликлари, Бўка ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти қониқарсиз деб топилган.

Баҳолаш давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган вазифаларнинг қай даражада самарали амалга оширилаётганини мониторинг қилиш механизмини яратиш билан бирга, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини кучайтириш, ташкилот раҳбарларининг шахсий масъулиятини оширишга ва коррупцияга қарши курашишда халкаро стандартларга асосан ягона ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади. Баҳолаш якунлари бўйича:

  • «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади;
  • «қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади;
  • «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижроси таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитиб борилади.
Рейтинг баҳолаш натижалари Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига юборилган.

Мазкур рейтинг баҳолаш тизими йил якунига кўра барча давлат идоралари ва ташкилотлари фаолияти бўйича амалга оширилади ва жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Саудиялик тадбиркор Ўзбекистонда автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга сармоя киритади 
Маҳаллий
1000 доллар ойлик олаётган ўқитувчилар, 1 млн нафардан ошган талабалар, янги қурилган 27 та ТТЖ — олий таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов билан эксклюзив су...
Маҳаллий
Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди