Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус глобал коронавирус пандемияси ҳали тугамаганини айтди. Унинг сўзларини Sinhua келтирди.
Ташкилот Европа мамлакатларига кексалар, иммунитети заиф одамлар, ҳомиладор аёллар ва тиббиёт ходимларига COVID-19 вакцинасининг иккинчи бустер дозасини беришни тавсия қилди.
«Вируснинг янги тўлқинлари пандемия тугамаганини ва вирус эркин тарқалаётганини, мамлакатлар касаллик юкини ўз имкониятларидан кўра самарали бошқара олмаётганини яна бир бор кўрсатмоқда», — деди Гебрейесус.
ЖССТ Соғлиқни сақлаш Фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори Майкл Райаннинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда COVID-19 га чалиниш ҳолатларининг яна кўпайиши, асосан, омикроннинг BА.4 ва BА.5 субвариантлари ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш ва ижтимоий чораларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ. Тест олиш сиёсатидаги сўнгги ўзгаришлар ҳам янги касалланиш ҳолатларни аниқлаш ва вирусни кузатишга тўсқинлик қилмоқда, деди у.
«Мен COVID-19 билан касалланганлар сони ортиб бораётгани соғлиқни сақлаш тизимлари ва тиббиёт ходимларига қўшимча босим ўтказаётганидан хавотирдаман. Шунингдек, ўлимлар сонининг кўпайиши мумкинлигидан хавотирдаман», — деди ЖССТ раҳбари.
У ҳукуматларни ижтимоий ҳимоя, вентиляцияни яхшилаш, тест олиш ва даволаш протоколлари каби тасдиқланган чораларни қўллашга, жорий эпидемиологияни кузатиш ва янги штаммларнинг пайдо бўлиш потенциалини акс эттириш учун COVID-19 га жавоб режаларини мунтазам равишда тузатишга чақирди.
Изоҳ (0)