Вашингтон Россия ва Эроннинг Яқин Шарқдаги «провокацион» ва «хавфсиз бўлмаган» ҳаракатларидан хавотирда, деб ёзмоқда The Washington Post АҚШ маъмурияти вакилларига таяниб.
Июнь ойида бир нечта шундай вазиятлар юзага келган: Пентагон расмийлари Россия ва Эроннинг «провокацион», «кескинлаштирувчи» ёки «хавфсиз бўлмаган ва нопрофессионал» ҳаракатларини қайд этган. Бунга мисол сифатида газета Эт-Танф шаҳридаги АҚШ ҳарбий базаси яқинида жойлашган Сурия мухолифати қуролли гуруҳлари лагерига Россия самолётлари томонидан берилган зарбани келтирган.
Америкалик ҳарбий хизматчилар бу ҳақда зарбадан 35 дақиқа олдин огоҳлантирилган, натижада ҳеч ким жабрланмаган. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари Майкл Курилла воқеани «АҚШ рақибларининг минтақада ҳукмронликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли уринишлари» деб атади, шу билан бирга, Қўшма Штатлар бунга ҳарбий жавоб бермаслигини таъкидлади.
Шунингдек, Вашингтон расмийлари Россия самолётлари Сурия осмонида манёврлар орқали АҚШ ҳарбий самолётларига таҳдид яратган бир нечта «ҳолатларни» қайд этди, бу зиддиятни бартараф этиш бўйича анча олдин ўрнатилган протоколларига зид. Шу билан бирга, газета CENTCOM ўз далилларини қўллаб-қувватлаш учун содир бўлган воқеалар тафсилотлари ҳақида гапиришдан бош тортганига эътибор қаратди.
Бундан ташқари «Эрон ва у қўллаб-қувватлаётган кучлар томонидан провокациялар кучаймоқда», дея қўшимча қилди манба.
Ҳозир Қўшма Штатлар «можарони янада кенг қўзғатмасдан қандай қилиб рақибларни тийиб туришни» ўйламоқда, дейди нашр муаллифлари. Июнь ойида Курилла Эт-Танф базасида ҳарбийлар билан гаплашар экан, АҚШ Россия билан можаро бўлишини истамаслигини, балки «ўзини ҳимоя қилишини» ва жавоб беришдан «ҳеч иккиланмаслигини» айтган.
Изоҳ (0)