Тошкент вилоятидаги Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов муассасадаги бемор болалар ва ҳомиладор аёллар ҳақида маълумот берди.
«Биламизки, коронавирус ўта юқумли хасталик бўлиб, бошқаларга қараганда ҳомиладор аёллар уни юқтиришга анча мойил. Сабаби бўлажак оналарда ҳомиладорлик туфайли иммунитет пасайиб кетади. Қолаверса, ушбу инфекция болаларни ҳам тез-тез зарарлайди.
Хусусан, ҳозирги кунда шифохонамизда даволанаётган беморларнинг 155 нафарини болалар, 23 нафарини чақалоқлар ташкил этади. Жонлантириш бўлимида 4 нафар бола шифокор ва ҳамширалар назорати остида даво муолажаларини олмоқда», — дейди шифокор.
Шунингдек, муассасада 170 нафар ҳомиладор аёл ҳам даволанмоқда. Жорий йил бошидан буён шифохонада 147 нафар чақалоқ туғилган.
Маълумот учун, ўтган йили ушбу муассасада 442 нафар чақалоқ дунёга келган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ҳолати бир неча кундан буён ортмоқда. Жумладан, 25 июнь куни мамлакат бўйлаб 139 кишида касаллик аниқланди ва пандемия бошидан бери коронавирусга чалингани расман тасдиқланганлар сони 240 345 нафарга етди. Шунингдек, 24 июнда — 119 кишида, 22 июнда — 98 кишида, 19 июнда — 93 кишида, 18 июнда 108 кишида, 17 июнда 90 кишида, 16 июнда 59 кишида касаллик қайд этилган.
23 июнь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонда коронавирус омикрон штаммининг энг юқумли деб айтилаётган Stealth-Omicron BA.2 варианти аниқланганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)