Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида банк ходимлари 150 нафар фуқароларга ажратилган пенсия ва нафақа пулларини талон-торож қилган аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, АТ «Халқ банки» Шаҳрисабз филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, филиалнинг 4-сонли сайёр касса бухгалтер назоратчиси С.И. ва кассири Н.Р. ўзаро тил бириктириб, 150 нафар фуқарога 2022 йилнинг март, апрель ва май ойлари учун ажратилган 100,5 миллион сўм пенсия ва нафақа пулларини уларга берилишини таъминламасдан, ўз шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб, талон-торож қилган.
Текширув давомида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланиши таъминланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)