Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори билан Бектемир тумани «Шоназар» МФЙ ҳудудида дрифт ва дрег-рейсинг уюштириш учун ер участкаси ажратилди.
Белгиланишича, ажратиладиган ер участкаси:- аҳоли яшаш жойидан ташқарида жойлашганига;
- дрифт ва драг-рейсинг иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига, уларнинг дрифт уюштириш учун ўзлари билан олиб келган автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишлари учун шароит яратилишига;
- томошабин сифатида келган шахсларга қулай шарт-шароит яратилиши, хавфсизлик чоралари кўрилишига;
- ҳудудга ташриф буюрувчиларнинг (хизмат кўрсатувчи, иштирокчи, томошабин ва ҳоказо) шахсий автотранспорт воситалари учун автотураргоҳ, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда жиҳозланган тиббий ёрдам кўрсатиш станцияси учун мавжуд шарт-шароитлар яратилишига;
- ёшларга дрифт ва драг-рейсинг учун ажратиладиган ер участкаси давлат ва хусусий шерикчилик асосида хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда, уларга тендер асосида бериш ва ҳудудни замонавий жаҳон стандартларига мос равишда бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Апрель охирларида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойга ишқибози бўлган пойтахт ёшларининг қизиқиши ва таклифларини ўрганиб, улар учун махсус жой ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш топшириғини берганди. Ўшанда пойтахт ҳокими Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатовга пойтахт кўчаларида пойга ва дрифт қиладиган автомашина ҳайдовчиларини 5-10 суткага қамаб қўймасдан, улар билан суҳбатлашиб, қизиқишларини ўрганиш кераклигини айтган.
Изоҳ (0)