Жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасаларида магистратурага қабул имитиҳонсиз бўлади. Бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатаси йиғилишида олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов маълум қилди.
Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, эндиликда магистратурага кириш учун фақатгина чет тили сертификати талаб этилади.
«Магистратурага бу йил фақатгина халқаро сертификат олганларгина ҳужжат топшира олади. Бир йил олдин бу ҳақдаги қарор президентимиз томонидан имзоланган. Турли фикрлар бўляпти. Мен сизга бир рақамни айтаман: ўтган йили 4-босқич бакалавриат битирувчиларининг атиги 700 нафари тил бўйича сертификат олган. Бу йил уларнинг сони 7 минг нафардан ошди. Яъни 10 баробарга кўпайди. Болалар тилни мажбур ўрганяпти. Тил билмаса, қандай қилиб илмий тадқиқот олиб боради? Рус тилини ҳаминқадар билса, инглиз тилини билмаса, бугунги замон талабига қандай жавоб беради? Шунинг учун биз рухсат олдик. Халқаро ёки маҳаллий сертификат олган бола ҳужжат топширдими, мутахассисликдан имтиҳон топиширмайди. Мутахассислик имтиҳони бутунлай коррупция. Энди дипломдаги ўртача балл ҳисобланади. Бу ҳужжат топширган абитуриент магистр бўлади, дегани. Тўлмаган квота учун 2 марта қабулни сўраяпмиз. Август ва январь ойларида магистратурага қабул бўлади. Ҳозирги энг катта муаммоларимиздан бири – магистратурага қабул яхши бўлмагани ҳисобига олий таълимда нобоп одамлар кўпайиб кетди. Шу боис биз доим дашномда юрибмиз. Қабулни тўлиқ мувофиқлаштирса бўлар экан ва шу йўлдан боряпмиз», — деди вазир.
Аввалроқ Абдуқодир Тошқулов 2026 йилгача Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари сони 200 тага етказилишини айтганди. Шунингдек, вазир 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, ўқишни кўчиришга 2 та шарт билан рухсат берилишини маълум қилган.
Изоҳ (0)