Москвада 9 май куни Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 77 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган парадга хорижий давлатлар етакчиларидан бирортаси келмайди. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга маълум қилди.
«Ғалаба байрамига хорижлик етакчилардан ҳеч бирини таклиф қилмадик. Гап шундаки, бу юбилей санаси эмас. Бу бизнинг байрамимиз, бу бутун Россия учун, россияликларнинг барчаси учун муқаддас байрам», — деди Песков.
Кремль матбуот котибининг қўшимча қилишича, Александр Лукашенконинг ҳам Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиши режалаштирилмаган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 май куни Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида жами 11 минг ҳарбий хизматчи, 131 та қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника, шунингдек, 77 та самолёт ва вертолётлар иштирок этади.
2021 йилда Ғалаба парадига хорижий етакчилардан фақат Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ташриф буюрганди. 2020 йилда эса қатор давлатлар раҳбарлари билан бирга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Москвадаги парад меҳмони бўлган.
Украинадаги уруш фонида Молдова ва Исроил шунингдек, тан олинмаган Днестрбўйи каби айрим давлатлар жорий йил Ғалаба паради ўтказмаслигини маълум қилганди. Қозоғистонда эса коронавирус пандемияси сабаб кетма-кет уч йилдан буён 9 май куни ҳарбий парад ўтказилмаяпти.
Изоҳ (0)