Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни Қирғизистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Kabar.kg»га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, шу куни Қирғизистонга Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам ташриф буюради. 27 май куни Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо барча давлатларнинг президентлари ташриф буюриши кутилмоқда.
«Ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Бирорта президент юртимизга ташриф буюрмагани ҳақида гапираётганларга айтмоқчиман — сабр қилинг, ҳаммаси келади», — дейди Садир Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров 2021 йилнинг март ойида давлат ташрифи билан Тошкентга келганди. Давлат раҳбарларининг учрашувида 2017 йил 5 сентябрда имзоланган Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартноманинг тарихий аҳамияти қайд этилиб, мазкур чегаранинг қолган қисмларини ҳам делимитация қилиш мақсадида Ҳукуматлараро комиссияга музокараларни фаоллаштириш бўйича кўрсатма берилган.
Изоҳ (0)