Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ядровий урушга йўл қўймаслик Россиянинг принципиал позицияси эканини маълум қилди, деб хабар беради «Коммерсантъ». Шунга қарамай, унинг фикрича, хавф «етарлича мавжуд».
«Бу принципиал позиция, биз ундан чекинмаймиз ва, албатта, хавф ростдан ҳам етарлича бўлган ҳозирги вақтда уни сунъий равишда шиширишларини умуман хоҳламайман, бундайлар кам эмас. Хатар жиддий, у реал, унга паст баҳо бериб бўлмайди», — дейди Лавров. ТИВ раҳбари Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ҳамда Жо Байден, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ядровий урушга йўл қўймаслик бўйича баёнот берганини эслатиб ўтган.
Кариб инқирози билан боғлиқ мавжуд муаммони таққослар экан, вазир олдинлари «иккала етакчининг ишонган мулоқот канали» бўлганини, ҳозирда «бундай канал йўқ ва уни ҳеч ким яратишга интилмаётганини» таъкидлаган. «Ўшанда ёзилмаган қоидалар кўп бўлса-да, ўзни қандай тутиш тушунарли эди. Москва Вашингтон ўзини қандай тутишини тушунар, Вашингтон ҳам Москва борасида худди шундай эди. Ҳозирда эса қоидалар кам. Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома мавжуд ... лекин шу билан бирга, қуролларни назорат қилиш ва тарқатмаслик бўйича бошқа барча воситалар амалда йўқ қилинди», — дея қўшимча қилади Лавров.
Украинадаги уруш вақтида Россия ядровий қуролдан фойдаланиши мумкинлигига оид саволлар бир неча бор пайдо бўлди. Февраль охирида, уруш бошланганидан бир неча кун ўтгач, Россия президенти Владимир Путин турли баллистик ракеталарни ўзида жамлаган тўхтатувчи кучларни махсус шай ҳолатга келтиришни буюрганди.
Изоҳ (0)