Россия Ташқи ишлар вазирлиги Германия Федератив Республикаси элчиси Геза Андреас фон Гайрни чақириб, мамлакатдан немис дипломатик миссиясининг 40 нафар ходими чиқариб юборилишини маълум қилди. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий сайтида хабар берилган.
«Германия Федератив Республикаси элчисига дипломатик миссиянинг 40 нафар ходими Россияда persona non grata деб эълон қилингани ҳақидаги нота топширилди ва бу Берлиннинг ҳаракатларига симметрик жавоб», — дейилади хабарда.
4 апрелда Германия Россия дипломатик ваколатхоналарининг 40 нафар ходимини persona non grata деб эълон қилганди. Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербок россиялик дипломатларнинг ҳар куни Германияга, немислар эркинлигига, жамият бирлигига қарши ҳаракат қилганини ва ГФРдан паноҳ излаганлар учун таҳдид бўлганлигини таъкидлаган.
Россия ТИВ Бербокнинг бундай мазмундаги баёноти меъёрий ҳолат эмаслигини қайд этган.
«Германия Федератив Республикасининг ушбу қарори россиялик дипломатларнинг «Германия эркинлиги» ва «немис жамияти бирлашувига» қарши иш олиб боргани ҳақидаги ёлғон ахборотларга асосланиб чиқарилган, шунингдек, Украинада бўлаётган воқеалар таъсиридаги муносабат», — дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлигининг хабарида.
2022 йил бошидан бери хориж давлатлари 440 дан зиёд россиялик турли лавозимдаги дипломатларни ортга қайтариб юборди ва бу охирги 20 йил ичида кузатилган антирекорд. Апрель ойида Германиядан ташқари, Франция, Италия, Испания, Австрия, Словакия, Словения, Бельгия, Нидерландия, Польша ва бошқа ЕИ мамлакатлари ҳам россиялик дипломатларни чиқариб юборган. Россия ТИВ Бельгия, Нидерландия, Австрия, Болгария ва Чехия давлатларининг дипломатларни чиқариб юборганига жавоб қайтариб ушбу мамлакатлар дипломатик ваколатхоналарида фаолият олиб борган ходимларни persona non grata деб эълон қилган. Москва йил бошидан буён 150 дан зиёд дипломатни ўз юртларига қайтариб юборган.
Изоҳ (0)