Ижтимоий тармоқларда «Самарқанд вилоятида Ички ишлар бошқармасига тегишли машинада ёш болаларни ‘грузовойъга ортгандай ортишибди» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 23 апрель куни Самарқанд вилояти ИИБга қарашли Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходими ўзига бириктирилган Damas транспорт воситаси билан 3 нафар вояга етмаган болани тиббий кўрикдан ўтказиб, марказга олиб қайтаётган бўлган. Тасвирлардаги ҳолатда вояга етмаган А.А. машинанинг пастга туширилган орқа ўриндиғида ётиб кетгани акс этган. Қолган икки нафар бола машинанинг ўрта қаторидаги ўриндиқда ўтириб кетган.
Машинадаги вояга етмаганларни назоратсиз қолдирган ходимга нисбатан вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви тайинланиб, якуни бўйича қатъий чора кўрилиши белгиланган.
«Шу ўринда айрим тармоқ фаоллари, журналист ва блогерлардан ҳолатни текширмасдан, бузиб талқин қилмасликларини сўраймиз», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Фарғонада ҳайдовчи Damas’да 28 нафар боғча боласини олиб кетаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, Сурхондарёда ҳайдовчи Damas’да 16 нафар йўловчини олиб кетаётгани, Сурхондарёда 16 нафар фуқарони олиб кетаётган «Жигули» тўхтатилгани ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)