Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Украинанинг Россия томонидан босиб олинган Мариупол шаҳридан 20 километр узоқликдаги Мангуш посёлкасида оммавий қабр топилди. Узунлиги 300 метрдан ортиқ бўлган хандақнинг сунъий йўлдошдан олинган тасвирлари Озодлик радиосининг «Схеми» лойиҳаси томонидан нашр этилган.

Мариупол мэри маслаҳатчиси Петр Андрюшченконинг сўзларига кўра, ушбу посёлкада рус ҳарбийлари ҳалок бўлган мариуполликларни оммавий кўмиб юборган.

Мангушдаги хандақ тахминан март ойининг охирида пайдо бўлган. 23 март кунги сунъий йўлдош тасвирида қабр ҳали йўқ эди. 29 мартдаги суратда узунлиги 300 метрдан ошиқ хандақ пайдо бўлганини кўриш мумкин. 9 апрель куни сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратда хандақ қисман кўмилган ва кенгайтирилган.

Мариупол шаҳар кенгаши оммавий қабрга шаҳарнинг уч мингдан тўққиз минггача аҳолиси кўмилган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Расмийлар хандақнинг ҳажмини Бучадаги оммавий қабр билан солиштириб шундай хулосага келган (Бучада черков яқинида 14 метрлик хандақдан 70 кишининг жасади топилган). Кенгаш маълумотларига кўра, Мангушдаги қабр ҳажми Бучадаги қабрдан 20 баравар катта.

«XXI асрнинг энг катта ҳарбий жинояти Мариуполда содир этилди. Бу янги Бабий Яр (Киев шимоли-ғарбидаги жарлик, 1941–43 йилларда немис фашистлари томонидан тинч аҳоли ва шўро ҳарбий асирлари қатлиом қилинган жой — таҳр.). Ўшанда Гитлер яҳудийларни, лўлиларни ва славянларни ўлдирганди. Ҳозир эса Путин украиналикларни қирмоқда», — деди шаҳар мэри Вадим Бойченко.

The New York Times журналистлари сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилиб, маълум қилишича, Мангуш посёлкасидаги оммавий қабр жойида 300 га яқин чуқур қазилган. Улар март апрель ойларида, ҳудудни рус қўшинлари назорат қилаётган пайтда, икки ҳафта ичида пайдо бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, март ойи ўрталарига келиб, коммунал хизматлар Мариуполнинг турли қисмлари ва шаҳар чеккасида 5000 га яқин одамни дафн қилган. «Консерватив ҳисоб-китобларга кўра, Мариуполда Россия армияси томонидан ўлдирилганларнинг умумий сони 22 минг кишини ташкил этади», — деди шаҳар кенгаши.

Изоҳ
Асосий янгиликлар