Қирғизистон аҳолисига 9 май — Ғалаба куни нишонлаш вақтида Z белгиси туширилган ҳарбий форма ва костюмларни киймаслик тавсия қилинди. Чунки бу «миллатлараро низо қўзғалишига туртки бўлиши мумкин». Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси сайтидаги мурожаатда келтирилган.
«Миллий хавфсизлик органлари карнавал костюмларини ижарага бериш билан шуғулланувчи ташкилотларни миллатлараро низо қўзғалишига туртки бўлиши мумкин бўлган З белгиси туширилган ҳарбий форма ва костюмларни ижарага бермасликка, шунингдек, фуқароларни 9 май — Ғалаба куни муносабати билан ўтказиладиган ‘Ўлмас полк’ юришида бундай формаларни киймасликка чақиради», — дейилади мурожаатда.
Шунингдек, идора «миллатлараро низони қўзғашга қаратилган ҳаракатларга жавобгарлик борлиги» ҳақида огоҳлантирган.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Z ҳарфи «Ғалаба учун», V эса «Куч адолатда» ва «Вазифа бажарилади» маъноларини билдиради. Даставвал ушбу ҳарфлар Украинадаги махсус операцияда иштирок этган ҳарбий техникаларга туширилган эди.
Аввалроқ Z ва V ҳарфларидан, шунингдек, Георгий лентасидан фойдаланиш Молдова парламенти томонидан ҳам тақиқланган. Қонунбузарлар жаримага тортилади. Z рамзи Германиянинг қатор федерал ҳудудларидан тақиқланди. Бундан ташқари, Эстония адлия вазири Марис Лаури ҳам ундан фойдаланишни тақиқлашни таклиф этган.
Изоҳ (0)