Қутқарувчилар Хитойда ҳалокатга учраган Boeing 737 самолётининг икки қора қутисидан бирини топди, деб ёзмоқда Reuters. Хитой фуқаро авиацияси бошқармаси (CААC) вакили Чжу Таонинг айтишича, топилган қути — учувчининг кабинасидаги овоз ёзиш қурилмаси.
Чжу Таонинг сўзларига кўра, қора қути Пекиндаги институтга юборилган, у ерда қурилманинг шифри очилади, жараён қанча давом этиши унга етган зарар даражасига боғлиқ. Терговчилар қурилмадан рейснинг уч учувчиси ўртасидаги алоқалар ҳақида батафсил маълумот олишга умид қилмоқда. Хитой расмийларининг таъкидлашича, самолёт ерга томон тез пастлаётган вақтда учувчилар авиадиспетчерларнинг такрорий қўнғироқларига жавоб бермаган.
Ҳалокат сабаблари ҳозирча аниқланмаган. Афтидан, зарб билан ерга урилиш оқибатида самолётнинг катта қисми парчаланиб кетган — баъзи вайроналар ва инсон қолдиқлари топилган. Омон қолганлар ҳақида дарак йўқ.
Ҳалокат жойига олиб борадиган йўллар ҳудуд аҳолиси ва махсус рухсатномаси борлардан ташқари ҳамма учун ёпиқлигича қолмоқда. Айни дамда қутқарувчилар самолётнинг иккинчи қора қутисини қидирмоқда.
Хитой самолёт ҳалокатини текширмоқда, шу билан бирга АҚШни текширувда иштирок этишга таклиф қилди, чунки самолёт Америкада лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 март куни China Eastern Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 737 самолёти Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном туманидаги Учжоу штатининг Тенг туманида қулаб тушди ва ўрмон ёнғинига сабаб бўлди. Самолёт бортида 132 киши, жумладан 123 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган.
Изоҳ (0)