Ўзбекистонда 75 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда 302 та коррупциявий омил аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова маълум қилди.
Маълум қилинишича, ушбу коррупциявий омиллар қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид 226 та амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш давомида аниқланган.
Ўз навбатида, таҳлиллар уларнинг 124 таси қурилиш, 41 таси соғлиқни сақлаш, 91 таси олий таълим, 46 таси давлат харидлари соҳаларига тўғри келишлигини кўрсатган.
Аниқланган коррупциявий омилларнинг таҳлили, мазкур ҳужжатларда «норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги» (86 та), «дискрецион ваколатларнинг кенглиги» (55 та), «маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги» (27 та) билан боғлиқ коррупциявий омиллар энг кўп учраётганини кўрсатган.
Таъкидланишича, шунга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Очилованинг сўзларига кўра, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши борасида тизимли мониторинг тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2021 йилда агентлик томонидан «Коррупциясиз соҳа», «Коррупциясиз ҳудуд» лойиҳалари, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ҳудудлар ва соҳалар кесимида 50 дан ортиқ ўрганишлар ўтказилган.
Ушбу тадбирлар давомида аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниши орқали жами 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган.
Ўрганишлар натижасида 500 миллиард сўмга яқин миқдордаги маблағларнинг мақсадсиз фойдаланилишининг олди олинган.
Аввалроқ Ўзбекистон ички ишлар органларида бир йил ичида коррупциявий жиноятлар қарийб икки баравар кўпайгани, Ўзбекистон коррупция даражаси бўйича Transparency International рейтингида ўз ўрнини яна 6 поғонага яхшилагани, коррупцияга қарши кураши қониқарсиз деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарлари жавобгарликка тортилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)