Вазирлар Маҳкамасининг «Ўрмон фонди ерларида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар беради Norma.
«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Қорақалпоғистон, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ўрмон фонди ерларида «Оролқум», «Поп», «Омонқўтон», «Юқори Тўпаланг» ва «Боботоғ» миллий боғлари ташкил этилади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси миллий табиат боғларининг муассиси ҳисобланади.
Миллий табиат боғларининг фаолияти давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.
Ҳужжат билан «Оролқум», «Поп», «Омонқўтон», «Юқори Тўпаланг» ва «Боботоғ» миллий боғларининг ер майдонлари, қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиладиган зоналари учун ажратиладиган ер майдонлари тасдиқланган.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 2022 йил 5 мартдан кучга кирган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Орол денгизининг қуриган жойига бориб, вазиятни кўрганди. Ўшанда илмий изланишлар қилиб, ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилган. Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Изоҳ (0)