Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли, иқтисодиёт бўйича бош вазир ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов бўлажак сайловларда мамлакат президентлигига номзод этиб кўрсатилди. Бу борадаги қарор Туркманистон Демократик партиясининг 14 февраль куни ўтказилган навбатдан ташқари IX съездида қабул қилинган, деб хабар беради «Туркменистан сегодня» давлат ахборот агентлиги.
«Съезд қатнашчилари Туркманистон президентлиги лавозимига номзодини қўяётган Сердар Бердимуҳамедовнинг нутқини тинглади ва уни қўллаб-қувватлаган», — дейилади хабарда.
Сердар Бердимуҳамедов — республиканинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ягона ўғли (яна иккита қизи бор). У 1981 йилда туғилган. Сапармурат Ниязов номидаги Туркманистон қишлоқ хўжалик университетини муҳандис-технолог мутахассислиги бўйича тамонлаган. 2008—2011 йилларда Россия ТИВ дипломатия академиясида, 2011—2013 йилларда Женевадаги хавфсизлик сиёсати марказида таҳсил олган.
2020 йилнинг февралида Сердар Бердимуҳамедов саноат вазири лавозимини эгаллаган, 2021 йилнинг февралидан эса Туркманистон бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Июль ойида Сердар Бердимуҳамедов бош вазирнинг молия ва иқтисодиёт бўйича ўринбосари этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни Туркманистон парламенти олий палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида мамлакатни 15 йилдан бери бошқариб келаётган Гурбангули Бердимуҳамедов бошқарувчи ёшларга топшириш ва фаолиятини Халқ маслаҳати раиси сифатида давом эттириш борасидаги ниятини маълум қилган.
Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари йиғилишида сўзга чиққан фахрий оқсоқоллар президент Бердимуҳамедовнинг мамлакат раҳбариятига ёш кадрларни жалб этиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлаган. Кейинроқ у Марказий сайлов комиссиясига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишга тайёргарликни бошлаш бўйича топшириқ берган. Туркманистонда муддатидан олдин президентлик сайловларини 12 мартда ўтказиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)