Покистон жануби-ғарбидаги Балужистон провинциясида содир этилган терактда 10 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси (ISPR)га таяниб, Dawn хабар берди.
26 январга ўтар кечаси Кеч туманидаги назорат-ўтказиш пунктига экстремистлар ҳужум қилган. Террорчилар билан шиддатли отишма чоғида 10 нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Шунингдек, жангарилардан бири йўқ қилинган, бир неча киши яраланган, уч нафар экстремист асирга олинган.
Ҳарбийлар ҳужум ортида турган террорчилар қайси гуруҳга тегишли эканини очиқламаган, бироқ 26 январь куни ижтимоий тармоқларда Балужистон озодлик фронти ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Балужистон — Покистоннинг жануби-ғарбида жойлашган бўлиб, Эрон ва Афғонистон билан чегарадош. Провинцияда айирмачилар ва экстремистик кучлар фаол ҳаракатлар олиб боради.
Аввал Ҳиндистонда ҳарбийлар хатолик туфайли 10 дан ортиқ тинч аҳолини отиб ташлагани, Озарбайжонда 3 нафар ҳарбий хизматдошини отиб ўлдирган чегарачи қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
27 январь куни Украинада Миллий гвардия аскари ўз ҳамкасбларига қарата ўт очган, оқибатда 5 киши ҳалок бўлган, яна беш киши яраланган.
Изоҳ (0)