17:23, 26.01.2022 52228

Шавкат Мирзиёев мамлакатда кузатилган электр энергияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Олис-яқин ҳудудларда юз бераётган турли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, техноген офатлар бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 26 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: Президент матбуот котиби

«Биз бугунги кунда глобал дунёда яшамоқдамиз. Глобал оламда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Ҳар бир одамнинг ҳаёти бутун инсоният ҳаёти билан янада кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда. Олис-яқин ҳудудларда юз бераётган турли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, техноген офатлар бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Мана, куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Шунча йил яшаб, раҳбар бўлиб бу нарсани кўрмагандим», – деди президент.

Шавкат Мирзиёев авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол Ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ берганини эслаб ўтди.

«Комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни, шахсан назоратимга олдим. Бундай ‘экстремал’ вазиятда, энергетика, нефть-газ, коммунал соҳа, транспорт, ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, оммавий ахборот воситалари ўзаро баҳамжиҳат ишлагани ҳисобига, авария оқибатлари босқичма-босқич бартараф этилмоқда», – деди президент.

Давлат раҳбари бундай ҳолатда халқ ҳам вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмаганини қайд этиб ўтди.

«Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак. Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак», – дея қўшимча қилди президент.

Шунингдек, давлат раҳбари томонидан бош вазирга кўчма движок олиб келиниши бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берилди.

Ўзбекистонда кузатилган электр энергиясининг йирик носозлиги хронологияси

25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Тошкент метрополитени фаолияти ҳам тўхтаган, Республикадаги барча поездлар ўз манзилларига кечикиб етиб бориши айтилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ эса тибандликларнинг олдини олиш мақсадида кўчага зарурат бўлмаса, шахсий машинада чиқмасликни тавсия қилмоқда.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ҳожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.

Кейинроқ Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «вазият шахсан президент назорати остида» эканини маълум қилиб, фуқароларни саросимага тушмасликка чақирди. Шавкат Мирзиёев топшириғи билан электр энергиясида кузатилаётган носозлик бўйича комиссия тузилди. Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон ва Хоразмда электр энергияси тўлиқ тикланганини хабар қилди. Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида ичимлик суви таъминоти тикланди. Тошкент ИЭСнинг фаолияти қисман тикланиб, 7 та энергоблокдан 5 таси барқарор иш фаолиятига келтирилди.

Энергия танқислиги ортидан Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди. Газли, Шўртан ҳамда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги 64 та кон фаолиятини вақтинча тўхтатди.

ССВ Зангиота ковид-марказларидаги электр энергияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди.

26 январь соат 02:30 га бориб Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида электр таъминоти тўлиқ тиклангани хабар қилинди.

Бошқа янгиликлар