Ўзбекистондаги Олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва ҳунар мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил муддати 24 январга қадар узайтирилгани тўғрисида хабар берилганди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълум қилишича, 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилмоқда.
Таъкидланишича, айни вақтда ижтимоий тармоқлар орқали вокзаллардаги темир йўл кассаларида катта навбатлар юзага келган ва бу темир йўл кассаларида чипта сотувида айрим ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Шу сабабли вазирлик талабалар ва уларнинг яқинларига мурожаат қилиб, темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам, 11 январгача бўлган даврга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталарини бепул тарзда алмаштириб бериш муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилганини яна бир бор эслатиб ўтган.
«Шундай экан, азиз талабалар, ҳурматли ота-оналар, 24 январга қадар захирангизда қарийб 17 кун бор. Барча талабаларнинг 11 январгача бўлган даврга харид қилинган темир йўл чипталари тўлиқ бепул тарзда алмаштириб берилади. Эҳтиёждан келиб чиқиб, қўшимча йўловчи поездлар қатнови ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Шунингдек, чипталарни жойлардаги (шаҳар, туман) темир йўл кассаларидан ҳам алмаштириш имкони мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил 25 декабрдан бошланган эди. Таътил 2022 йилнинг 10 январигача давом этиши ва дарс жараёнлари 11 январдан бошланиши белгиланганди.
Изоҳ (0)