Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистондаги яшил майдонларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбековнинг жавоби кўриб чиқилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унинг маълумотларига кўра, мораторий даврида 6 мингдан ошиқ жисмоний ва юридик шахслар томонидан 417,4 минг тупга яқин давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраб мурожаат қилинган. Қўмита шундан 210,5 минг тупдан ошиқ шарқ чинори, эман, қрим қарағайи, чинорсимон заранг, элдор қарағайи, каштан, шумтол, туранғил ҳамда бошқа 20 турдан ортиқ қимматбаҳо дарахт ва буталарнинг кесилишини рад этилган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг 10 ойи давомида 4067 нафар фуқаро ва мансабдор шахслар томонидан дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланган. Ушбу қонунбузарликлар учун 5,34 миллиард сўм жарима, 10,68 миллиард сўм зарар суммалари қўлланган. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида иш юритилган ҳамда 3,12 миллиард сўм жарима ва 4 миллиард сўмдан ортиқ зарар суммалари ундириб олинган.

Парламент сўровига жавобда қайд этилишича, Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни хатловдан ўтказиш доирасида 10 миллион 412 минг 279 дона дарахтлар хатловдан ўтказилган бўлиб, шундан 8 миллион 544 минг 826 донаси электрон базага киритилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, 2019 йилда — 2598 нафар, 2020 йилда — 3960 нафар, 2021 йилнинг 10 ойи давомида эса 4067 нафар шахс томонидан ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари амалга оширилгани аниқланган.

«Рақамларга қаралса ё дарахт кесувчилар кўпаймоқда ёки уни аниқлаш ҳолати ортган. Нима бўлгандаям, аҳволимиз яхшимас. Дарахт кесишниям тўхтата олмаяпмиз, камига кесгани учун ундирилган пулларниям тополмаяпмиз», — деб ёзади у.

Аввалроқ Ўзбекистонда дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва экополиция ташкил этилиши тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 24 август куни атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу соҳада ташаббус ва амалий ишлари кўринмаётгани учун Экология қўмитаси раиси Алишер Мақсудовни ишдан олганди. Йиғилишда вилоят ҳокимларига йил якунига қадар истироҳат боғларида аҳоли учун «сокин ҳудуд»ларни ташкил этиш топширилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар