Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қизи, Грозний шаҳри мактабгача таълим департаменти бошлиғи Хадижат Қодирова «Чеченистон Республикаси олдидаги хизматлари учун» медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари администрацияси ва ҳукумат вакили Галас Таймасханов Instagram’да маълум қилди, деб ёзмоқда Meduza.
«Қадрли оғам, Чеченистон Республикаси раҳбари, Россия қаҳрамони Рамзан Аҳматович Қодиров топшириғига асосан бугун Грозний шаҳри мактабгача таълим департаменти бошлиғи Хадижат Қодировага соҳа ривожига қўшган ҳиссаси, ўзи ишига сидқидилдан ёндашганлиги учун мукофот — «Чеченистон республикаси олдидаги хизматлари учун» медалини топширдим», — деб ёзган чеченистонлик амалдор.
https://www.instagram.com/p/CXTemuqsCOH/?utm_source=ig_embed&ig_rid=37cedbe5-4932-47a5-8ed1-d8e6bf3aaf63
Таймасхановнинг сўзларига кўра, Хадижат Қодирова лавозимга киришганидан кейин шаҳардаги мактабгача таълим тизимида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилган.
21 ёшли Хадижат Қодирова 2020 йил декабрь ойида Грозний мактабгача таълим департаменти бошлиғи этиб тайинланган. Бунга қадар у Грознийдаги «Сказочний замок» («Сеҳрли қаср») номли болалар боғчасида мудира лавозимида ишлаган.
Рамзан Қодировнинг қариндошлари Чеченистонда бошқа раҳбарлик лавозимларида ҳам фаолият олиб боришади. Хусусан, унинг яна бир қизи Айшат — республика маданият вазири, бошқа бир қариндоши, жияни Хас-Магомед Қодиров эса Грозний шаҳрининг мэри.
2018 йилда «BBC’нинг рус хизмати» Чеченистондаги 158 нафар катта лавозимдаги амалдорларнинг 30 фоизи республика раҳбарига қариндош эканлиги, 23 фоизи Қодировнинг қишлоқдоши, 12 фоизи эса унинг дўстлари ва уларнинг қариндошлари эканлиги ҳақидаги суриштирувни эълон қилганди.
Изоҳ (0)