Индонезияда Ява оролидаги энг баланд – Семеру вулқони фаоллашди. Вулқон уйғониши оқибатида ҳавога чиққан кул устуни унинг атрофидаги қишлоқларни қоплаб олди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: Al Jazeera

Вайрон бўлган бинолар ва ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида расмий маълумотлар берилмаган. Ҳукумат вулқон атрофида яшайдиган аҳолини хавфсиз жойга эвакуация қилиш ишларини бошлаб юборган.

Ижтимоий тармоқларда вулқон кулидан қочиб, бошқа жойга кетаётган катталар ва болалар акс этган видеолар тарқалган.

Ҳодисага гувоҳ бўлган одамларнинг сўзларига кўра, айрим ҳудудларда вулқон кули қуёшни тўсиб қўйган ва бу анча ваҳимали кўринмоқда.

Фото: BBC

Индонезия расмийлари томонидан турли авиакомпанияларга вулқон кулининг баландлиги 15 минг метргача кўтарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришлар берилган.

Аввал ноябрь ойида Палма оролидаги вулқондан отилган навбатдаги лава оқими Атлантика океанига етиб боргани, сентябрда эса Канар оролларида Кумбре-Веха вулқонининг отилиши туфайли мингга яқин аҳоли эвакуация қилингани ҳақида хабарлар берилган.