«Толибон» Афғонистонда ҳокимият тепасига келгач 100 дан ортиқ собиқ афғон ҳарбийлари ўлдирилган ёки бедарак йўқолган. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) ҳисоботига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: EPA

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи «Толибон»нинг ҳарбийлар ва полициячиларга амнистия қўллаш борасидаги ваъдасини шубҳа остига олган, шунингдек, толибларни қасос олиш мақсадида қотилликларни режалаштириш ва ташкиллаштиришда айбламоқда.

«‘Толибон’ раҳбарияти томонидан ваъда қилинган амнистия дала командирларини афғон армиясининг собиқ ҳарбийларини қатл этиш ва ўғирлаб кетишдан тўхтатиб қолмади. Қотилликлар давом этиши ва ўлдирилганларнинг оиласи бирор компенсация олиш-олмаслиги фақат ‘Толибонъга боғлиқ», — дейди HRW’нинг минтақавий бўлинма бошлиғи Патрисия Госман.

Таъкидланишича, «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг, қотилликлар камида тўртта вилоятда давом этмоқда: Ғазни, Ҳилмонд, Қундуз ва Қандаҳор. Ҳозирга қадар 100 дан ортиқ собиқ ҳарбийлар ўлдирилгани ва бедарак йўқолгани маълум.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, собиқ ҳарбийларни аниқлашда уларни ёлғон билан махсус рўйхатдан ўтишга мажбур қилишган. Шунингдек, «Толибон» олдинги ҳукуматдан қолган армия ва полиция шахсий таркиби рўйхатидан фойдаланган.

Ўз навбатида «Толибон» қотилликлар борасидаги айбловларни рад этмоқда.

Аввалроқ Афғонистонда «Толибон» аҳолининг смартфонларини текшириб, мусиқа ва видео олиб юрганларни калтаклаётгани хабар қилинганди. «Толибон» ислом шариатининг фундаменталистик талқинига амал қилади. 1996 йилдан 2001 йилгача бўлган даврда ҳам Афғонистонни бошқарган «Толибон» ўша пайтда мусиқа, мустақил оммавий ахборот воситалари ва кўплаб спорт турларини тақиқлаган. Аёлларга ишлаш, қизларга эса мактабга бориш ман этилган. «Толибон», шунингдек,  эркакларни ибодат қилишга ва соқол ўстиришга мажбурлаган.