Ҳиндистоннинг шарқий қисмидаги Ғарбий Бенгалия штатида автомобиль ва тош ортилган юк машинаси тўқнашиб кетди. Оқибатда камида 18 киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳат олди, деб ёзади «Korrespondent.net».
Бахтсиз ҳодиса Ғарбий Бенгалия маъмурий маркази — Калкутта шаҳридан 164 километр шимолда жойлашган Надия округининг Пҳулбари туманида содир бўлган. Крематорий (марҳумнинг жасадини ёқиш)га кетаётган мотамчилар йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланган. Жабрланганлар энг яқин шифохонага етказилган.
Дастлабки тергов натижалари шуни кўрсатдики, автоҳалокатга эҳтиётсизлик ва ҳудуддаги қуюқ туман сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Ҳиндистонда ҳалокатли авариялар тез-тез учрайди, одатда улар транспорт воситаларига ортиқча юк ортилиши, йўл шароитларининг ёмонлиги ва эҳтиётсизлик туфайли содир бўлади. Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистон бўйлаб ҳар йили 500 мингга яқин ЙТҲда 150 мингга яқин одам ҳалок бўлади.
Аввалроқ Болгарияда сайёҳлик автобуси ЙТҲга учраб, ёниб кетганди. Воқеа жойида 46 киши, жумладан, 12 бола ҳалок бўлган. Августда Перудаги Анд тоғларида автобус жарликка қулаб тушган. Оқибатда 15 киши ҳалок бўлган, уч киши яраланган.
Покистонда эса йўловчи автобуси юк машинаси билан тўқнашиб кетганди. Оқибатда камида 27 киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)