Қашқадарёда ўта оғир жиноят содир этиб, Тошкент вилоятида ўтказилган профилактик тадбирлар доирасида қўлга олинган қидирувдаги жиноятчи Ш.Т. 2020 йил Қарши шаҳридаги манзил колонияларнинг биридан қочгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Дарё» сўровига жавобан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Фото: ИИВ

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Ўрта Сҳирчиқ туманида қўлга олинган 28 ёшли жиноятчи Ш.Т. 2015 йил Қашқадарёда Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда босқинчилик) 25, 97-моддаси 2-қисми «в», «д», «ж», «н», «о», «п» бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда, ўта шафқатсизлик билан, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) ёки мурданинг қисмларидан фойдаланиш мақсадида бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш) кўрсатилган жиноятни содир этиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Жиноятчи вилоятда жойлашган 2-сонли жазони ижро этиш муассасасида 5 йил жазо муддатини ўтаб, 2020 йилнинг сентябрь ойида Қарши шаҳрида жойлашган 32-манзил колонияга жойлаштирилган. Бироқ у манзил колонияда узоқ қолмай, жазодан қутулиш мақсадида манзил колониядан қочиб кетган. Шу боис ҳам 2020 йилнинг 15 сентябрь куни унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизматининг қўшимча қилишича, жиноятчи Ўрта Чирчиқ туманида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олингач, ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган.